Янги тартиб: нақдсиз ҳисоб-китоблар (+видео)
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда бир қатор тўловлар фақат нақд пулсиз шаклда қабул қилинади. Бу президентнинг 10 декабрь куни имзоланган "Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонида кўзда тутилган.
1 апрелдан бошлаб қуйидагилар учун тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади:
▪️ давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар;
▪️ электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувидан фойдаланганлик учун тўловлар;
▪️ алкоголь ва тамаки маҳсулотлари;
▪️ транспортларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали аҳолига нефт-газ маҳсулотларини сотиш ва электрда ҳаракатланадиган транспортларни зарядлаш бўйича хизматлар;
▪️ қиймати 25 млн сўмдан ошадиган товар ва хизматлар;
▪️ кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган M, N, O ва G тоифага кирувчи транспортлар ҳамда махсус автотранспорт воситаларини сотиш ва сотиб олиш учун тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади.
Хўш, нақдсиз ҳисоб-китобларнинг асосий афзалликлари нимада дейсизми?
Биринчидан, бунда хавфсизлик таъминланади. Нақд пул билан боғлиқ таваккалчиликлар (йўқотиш, қаллоблик, сохталик) бартараф этилади. Барча тўловлар банк орқали амалга оширилгани сабабли, уларнинг қонунийлиги кафолатланади.
Иккинчидан, барча операциялар электрон тизимда акс этади. Бу эса ноқонуний келишувларни чеклашга, яширин иқтисодиёт улушини камайтиришга ва давлат назоратини кучайтиришга сабаб бўлади. Шаффофлик ва ишончлилик таъминланади десак ҳам бўлади.
Учинчидан, фуқаролар учун қулайлик яратади. Яъни янги тартиб орқали фуқаролар катта миқдордаги нақд пулни олиб юришдан халос бўлади, банк картаси ёки ҳисобварағи орқали осон тўлов қилади, нотариусга борганда барча маълумотлар автоматик текширилади. Бу ҳозирги замон талабига ҳам мос ва жудаям қулай.
Тўртинчидан, битимларни тезлаштиришга ёрдам беради. Аввалги каби қўлда текшириш ва тасдиқлаш жараёнлари ўрнига, электрон маълумотлар алмашинуви орқали битимлар тезроқ расмийлаштирилади.
Бешинчидан, харидор ва сотувчи манфаатларини ҳимоя қилинишига эришилади. Эскроу ҳисобварағи механизми орқали пул фақат шартнома тасдиқлангандан кейин сотувчига ўтади, ҳар икки томоннинг манфаатлари ҳимоя қилинади.
Хулоса қилиб айтганда, кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдисида нақдсиз ҳисоб-китобларга ўтиш — мамлакатимизда молиявий интизомни мустаҳкамлаш, фуқароларга қулай ва хавфсиз хизмат кўрсатиш ҳамда иқтисодиётни янада шаффоф қилишга қаратилган муҳим қадамдир. Бу каби ўзгаришлар нафақат давлат учун, балки ҳар бир фуқаро учун ҳам ишончли ва қулай муҳит яратади.
<iframe width="815" height="458" src="https://www.youtube.com/embed/EtdjsiuCkLY" title="Yangi tartib: naqdsiz hisob-kitoblar " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА