Янги спорт жиҳозлари тантанали равишда топширилди
Ширин шаҳар спорт мактаби ўқувчилари учун 2026–2027-ўқув йили қувончли янгиликлар билан бошланди. «Очиқ бюджет» лойиҳаси доирасида спорт мактабига умумий қиймати 811 миллион сўмлик 39 номдаги 150 дона замонавий спорт жиҳози етказиб берилди.
Бу шунчаки спорт анжомларининг янгиланиши эмас. Бу — спортга интилаётган ёшлар учун муносиб шароит яратиш, мураббийлар имкониятини кенгайтириш ва энг муҳими, юқори натижалар сари ташланган муҳим қадамдир.
Спорт мактаби жамоаси «Очиқ бюджет» лойиҳасининг 2026 йил I мавсумида фаол иштирок этиб, ғолиблар қаторидан жой олди. Натижада умумий қиймати 811 миллион сўм бўлган 39 номдаги 150 дона замонавий спорт жиҳози муассасага етказиб берилди.
Янги анжомлар машғулотлар сифатини ошириш, спортчиларнинг техник кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда ўқув-машғулот жараёнини замонавий талаблар асосида ташкил этишга хизмат қилади.
Янги спорт жиҳозлари бугун спортчилар ва мураббийларга тантанали равишда топширилди.
Қувонарлиси, спорт мактабининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар «Очиқ бюджет» лойиҳаси билан чекланмади. Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги томонидан ҳам 11 номдаги 80 дона спорт жиҳози ва 109 дона махсус спорт кийими — экипировка етказиб берилди.
[gallery-31410]
Натижада янги ўқув йили арафасида спорт мактабида машғулотлар учун зарур шароитлар янада яхшиланди. Энди ёш спортчилар замонавий анжомлардан самарали фойдаланиб, маҳоратини ошириш, мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриш ва янги марраларни кўзлаш имкониятига эга.
— Катта спортда ғалаба бир кунда қўлга киритилмайди. Унинг замирида ҳар кунлик машғулот, мураббийнинг машаққатли меҳнати, спортчининг қатъияти ва, албатта, муносиб шароит мужассам. Ширин шаҳар спорт мактабида яратилаётган имкониятлар ана шу омилларни бирлаштириб, ёшларни катта натижалар сари ундайди, — деди Ширин шаҳар спорт мактаби директори Зафар Тўхтаров.
Бугун спорт залларида янги жиҳозлар ишга тушди. Эртага эса уларда тобланган ёш спортчилар республика ва халқаро мусобақалар майдонида Ширин шаҳри ва Сирдарё вилояти шарафини муносиб ҳимоя қилишига ишонч бор.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат)
ЎзА