Янги Ўзбекистонда ҳуқуқий тараққиётнинг янги босқичи бошланди
Ўзбекистон миллий ҳуқуқ тизимида кейинги ўн йилликда қандай ўзгаришлар юз берди?
ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Акбар Ташкулов билан шу ҳақда суҳбатлашди.
– Мамлакатимиз давлат мустақиллигига 35 йил бўлди. Бу тарих учун жуда катта давр эмас. Аммо шу қисқа вақт ичида Ўзбекистон ўз давлатчилигини мустаҳкамлади, миллий ҳуқуқ тизимини шакллантирди.
Кейинги ўн йилликда амалга оширилган ислоҳотларнинг энг муҳим хусусияти шундаки, ҳуқуқий давлат ғояси назарий тамойилдан кундалик давлат бошқаруви мезонига айланди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида юртимиз ва жамиятимиз қиёфаси тубдан ўзгарди.
– Ҳуқуқий тараққиётнинг янги босқичида асосий эътибор нималарга қаратилди?
– Мустақилликнинг дастлабки йилларида миллий давлатчиликнинг ҳуқуқий пойдеворини яратиш, Конституция ва миллий қонунчилик тизимини шакллантириш тарихий вазифа эди. Сўнгги ўн йилликда эса Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ҳуқуқий тараққиётнинг янги босқичи бошланди.
Энди асосий масала фақат қонун қабул қилиш эмас, балки қонуннинг инсонга хизмат қилиши, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини амалда ҳимоя қилиши, давлат органлари фаолиятининг эса қонун билан аниқ чегараланишига қаратилди. “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойил давлат бошқаруви фалсафасини ўзгартирди.
– Қонун устуворлигини нима учун умумий қадрият деб атаймиз?
– Қонун устуворлиги янги мазмун касб этди: фуқаро давлат учун эмас, давлат ва унинг ҳуқуқий механизмлари инсон учун хизмат қилиши лозим. Ҳар қандай давлатнинг куч-қудрати унинг қонунлари нечоғлик мукаммал экани билангина эмас, балки қонунга барча – фуқаро ҳам, мансабдор ҳам, давлат органи ҳам бирдек амал қилиши билан белгиланади.
Президентимиз таъкидлаганидек, адолат қарор топган жойда иқтисодий ўсиш ҳам, ижтимоий ишонч ҳам юксалади. Зеро, қонун устуворлиги – шунчаки ҳуқуқий тушунча эмас. У жамиятда адолатни таъминлайдиган, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлайдиган, давлат ва фуқаро ўртасидаги ишончни мустаҳкамлайдиган, тараққиёт учун барқарор замин яратадиган умумий қадриятдир.
– Янгиланган Конституцияда Ўзбекистоннинг ҳуқуқий давлат мақоми мустаҳкамланиши қандай аҳамиятга эга?
– Янгиланган Бош Қомусимизнинг энг муҳим қоидаларидан бири, шубҳасиз, Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий давлат сифатидаги конституциявий мақоми мустаҳкамланганидир. 2017 йилдан бошланган ислоҳотларда қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланди. 2023 йилда эса бу сиёсий-ҳуқуқий эволюция ўзининг мантиқий давомини топди: янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистоннинг ҳуқуқий давлат экани тўғридан-тўғри мустаҳкамланди.
Ҳуқуқий давлат концепцияси фақат қонун устуворлигини таъминлаш билан чекланмайди. Қонуннинг ўзи ҳам адолатли бўлиши, мутаносиблик ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш тамойилларига асосланиши лозим.
– Адолат тамойили тадбиркорлик соҳасида қандай амалий ифодасини топмоқда?
– Айнан шу мақсадда Адлия вазирлиги томонидан турли соҳаларда белгиланган мажбурий талаблар адолат нуқтаи назаридан тўлиқ қайта кўриб чиқилмоқда. Бу йўналишда тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларнинг ягона электрон реестри шакллантирилди.
Электрон реестр тадбиркорлик фаолияти учун “Бизнес-навигатор” бўлиб хизмат қилади. У тадбиркорлар фаолиятини текширишда қонунийликни таъминлайди ҳамда асоссиз жавобгарлик чоралари қўлланилишининг олдини олади.
Реестр айни соҳада “Бизнес-калкулятор” вазифасини бажаради: тадбиркорларга нисбатан бюджет харажатларини, маъмурий юкни ва бюрократияни баҳолашга имкон яратади. Муҳими, қонунчилик ҳужжатларидаги зиддиятли, эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган қоидаларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф қилиш имконини беради.
– Ушбу реестр орқали қандай натижаларга эришилди? Бу ўзгаришлар тадбиркорлар учун нимани англатади?
– Реестрга 42 мингдан ортиқ талаб киритилди. Номақбул деб топилган 2,5 мингдан ортиқ ортиқча мажбурий талабни қисқартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Уларнинг 1,6 мингдан ортиғи Ҳукумат қарорлари билан бекор қилинди.
Бир қарашда, булар қонунчилик техникасига оид рақамлардек кўриниши мумкин. Аслида эса улар Президентимиз илгари сурган давлатнинг иқтисодиётга ортиқча аралашувини қисқартириш, тадбиркорга эркин ишлаш учун шароит яратиш ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш сиёсатининг ҳуқуқий ифодасидир.
Ҳар бир бекор қилинган асоссиз талаб ортида тадбиркорнинг тежалган вақти ва маблағи, давлат органи билан камайган ортиқча мулоқоти бор.
– Қонунлар сифатини таъминлаш ва уларнинг таъсирини баҳолашда қандай ёндашувлар қўлланилмоқда?
– Ҳуқуқий давлат фақат қонунлар сони билан эмас, балки уларнинг сифати ва асосланганлиги билан ҳам баҳоланади. Шу нуқтаи назардан, далилларга асосланган норма ижодкорлиги ва “Қонунларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш” (ТСТБ) институтининг жорий этилиши алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бу ёндашув ҳар бир янги мажбурият ёки чекловнинг жамият учун зарурати ва ундан кутилаётган натижа ўртасидаги мутаносибликни таъминлайди.
Хусусан, 2021 - 2025 йилларда тартибга солиш таъсирини баҳолаш орқали қарийб 10 триллион сўмлик ортиқча харажатларнинг олди олинди. Фақатгина жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида эса қарийб 1,0 триллион сўмлик ортиқча харажатларнинг олди олинди.
– Қонунчилик ҳужжатларининг амалий натижадорлиги қандай баҳоланмоқда?
– Ҳужжатларнинг ҳақиқий амалий натижадорлигини таъминлаш мақсадида қонунлар учун KPI тизими жорий этилди. Хусусан, 2025 йилда юзга яқин қонунчилик ҳужжатининг самарадорлиги баҳоланиб, натижалари Президент Администрацияси, парламент ва Ҳукуматга киритилди. Айни пайтда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги таҳрирда тубдан қайта ишлаб чиқилмоқда.
– Замонавий ҳуқуқий давлатни барпо этишда рақамли технологияларнинг ўрни қандай?
– Замонавий ҳуқуқий давлатни барпо этиш норма ижодкорлиги жараёнларини ҳам янги босқичга олиб чиқишни талаб этади. Бугун бу борадаги энг истиқболли йўналишлардан бири – сунъий интеллект ва рақамли технологиялар имкониятларидан фойдаланишдир.
– “Law as Code” ёндашуви қонунчиликда қандай имкониятлар яратади?
– Дунёда кенг қўлланилаётган “Law as Code” (“Қонун – код сифатида”) ёндашуви асосида миллий қонунчиликнинг янги базасини шакллантириш имкониятлари ўрганилмоқда. Бу ҳуқуқий нормаларни қўллашда субъектив талқинларни камайтириб, қоидаларнинг аниқ ва изчил ишлашини таъминлайди.
– Сунъий интеллект қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларининг таъсирини баҳолашга қандай ёрдам беради?
– Қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш жараёнларига ҳам сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ишлари амалга оширилмоқда. Бунда давлат органларининг маълумотлар базаларини интеграция қилиш, ҳуқуқни қўллаш амалиёти, суд қарорлари, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари ҳамда бошқа маълумотларни таҳлил қилиш орқали лойиҳаларнинг иқтисодий, ижтимоий ва экологик таъсирини автоматлаштирган ҳолда олдиндан баҳолаш имконияти яратилади.
– Ушбу ташаббусларни рўёбга чиқариш ва ҳуқуқий соҳа учун инновацион ечимлар яратиш борасида яна қандай ишлар режалаштирилмоқда?
– Шу мақсадда вазирлик томонидан “Ҳуқуқий инновациялар лабораторияси”ни ташкил этиш ишлари режалаштирилмоқда. Лаборатория доирасида IT-компаниялар, стартап жамоалари ва ҳуқуқшунослар ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилиши кўзда тутилмоқда. Уларнинг инновацион ғояларини ҳуқуқий технологиялар соҳасида амалий ечимларга айлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш режалаштирилмоқда.
– Қонун устуворлигини таъминлашда ҳуқуқий тарбия ва маданият қандай ўрин тутади?
– Қонун устуворлиги фақатгина кучли норматив база, жарималар ёки рақамли тизимлар билангина таъминланмайди. Ҳар қандай ҳуқуқий механизмнинг самарадорлиги, энг аввало, жамиятда шаклланган ҳуқуқий маданият ва тарбия дастурларига бевосита боғлиқ.
Президентимиз таъкидлаганидек, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш демократик тараққиётнинг энг муҳим шартидир. Агар фуқаро қонунни фақат мажбурият ёки тақиқ сифатида эмас, балки ўз ҳуқуқларини кафолатлайдиган ишончли қалқон сифатида англасагина, чинакам ҳуқуқий жамият барпо этилади.
– Ҳуқуқий тарбияга ёндашувлар қандай ўзгармоқда? Бу борада ёшлар билан ишлашнинг аҳамияти нимада?
– Кейинги йилларда ҳуқуқий тарбия ёндашувлари ҳам тубдан ўзгарди. Анъанавий ёндашувлардан воз кечиб, қонунларни ҳаётий мисоллар, замонавий медиа маҳсулотлар ва амалий кўникмалар орқали ўргатиш тизимига ўтилмоқда.
Ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, мактаб ва олий таълим даргоҳларидан бошлаб қонунга ҳурмат туйғусини сингдириш – энг стратегик вазифаларимиздан биридир.
Зеро, ҳуқуқий тарбия – эртанги кунда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олувчи энг қудратли профилактика воситасидир. Қонунни ҳурмат қилиш ҳар бир фуқаронинг кундалик одатига айланмас экан, кўзланган олий мақсадларга тўлақонли эришиб бўлмайди.
– Ҳуқуқий хизматлар соҳасидаги ўзгаришлар фуқароларнинг кундалик ҳаётида қандай намоён бўлмоқда?
– Бу ўзгаришлар фуқароларнинг кундалик ҳаётида яққол сезилмоқда. Масалан, 2026 йилнинг биринчи ярмида 460 мингдан ортиқ нотариал ҳаракат масофадан туриб, яъни онлайн расмийлаштирилди. Давлат хизматларининг эса 90 фоиздан ортиғи электрон шаклга ўтказилди.
Бу рақамлар ортида давлат ва фуқаро муносабатларининг бутунлай янги модели турибди. Ўн йил аввал фуқаро бир маълумотнома учун идорама-идора юрган бўлса, бугун давлатнинг ўзида мавжуд маълумотни фуқародан яна талаб қилмаслик принципи қарор топмоқда.
Илгари инсон давлат хизматини излаб борган бўлса, энди навбатдаги мақсад – давлат хизматининг инсоннинг ўзини “топиши”. Проактив хизматлар ғоясининг моҳияти ҳам шунда.
Президентимиз илгари сурган “давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойилнинг энг аниқ амалий ифодаларидан бири айнан мана шу трансформациядир.
– Проактив ва автоматик давлат хизматларига ўтишдан кўзланган мақсад нима?
– Эндиликда биз фақат “электрон давлат хизмати” билан чекланиб қолмасдан, инсон иштирокини минималлаштирадиган проактив ва автоматик хизматлар тизимига ўтишни мақсад қилганмиз. Яъни давлат фуқаронинг мурожаат қилишини кутиб ўтирмасдан, унга қонун бўйича тегишли хизматни ўзи таклиф этиши керак.
– Юридик ёрдамдан фойдаланиш ва бузилган ҳуқуқларни тиклаш имкониятлари қандай кенгайтирилмоқда?
– Адвокатура институтининг ролини кучайтириш, юридик ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш механизмлари такомиллаштирилди. Бунда асосий мезон – инсон ўз ҳуқуқи бузилганда уни тез, адолатли ва ортиқча харажатсиз тиклай олишидир.
Шунинг учун келгуси босқичда низоларни судгача ҳал этиш, медиация ва бошқа муқобил механизмларни кенгайтириш, профессионал юридик ёрдам сифатини ошириш ҳамда рақамли технологиялар орқали одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш муҳим вазифа бўлиб қолади.
– Адлия вазирлиги олдида қандай устувор вазифалар турибди?
– Президентимиз раҳбарлигида ўтган йилларда яратилган ҳуқуқий пойдевор энди биздан ислоҳотларнинг сифат жиҳатидан янги босқичига ўтишни талаб қилмоқда. Бунда асосий мақсад –янги қонунлар сонини кўпайтириш эмас, қонуннинг инсон ҳаётидаги реал самарасини оширишдир.
Бугун дунё жуда тез ўзгармоқда. Сунъий интеллект, рақамли иқтисодиёт, трансчегаравий муносабатлар ҳуқуқ тизими олдига мутлақо янги саволларни қўймоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ҳуқуқий тараққиётининг келгуси босқичида Адлия вазирлиги олдида бешта устувор вазифани кўрамиз. Биринчи – инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг амалий механизмларини янада кучайтириш. Иккинчи – қонунчиликни ихчам, тушунарли ва барқарор қилиш, ҳар бир янги тартибга солишнинг фуқаро ва бизнесга таъсирини олдиндан ҳамда кейинчалик баҳолаш. Учинчи – малакали юридик ёрдам олиш имкониятларини кенгайтириш, низоларни судгача ҳал этиш жараёнларини соддалаштириш ва рақамлаштириш. Тўртинчи – давлат хизматларини инсон эҳтиёжлари асосида қайта қуриш, уларни проактив ва имкон қадар автоматик шаклга ўтказиш. Бешинчи – сунъий интеллект ва LegalTech имкониятларидан фойдаланган ҳолда янги авлод ҳуқуқий экотизимини шакллантириш.
Мақсадимиз – қонун инсон учун мураккаб тўсиқ эмас, балки унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладиган ишончли восита бўладиган ҳуқуқий тизимни барпо этишдан иборат. Зеро, давлатнинг кучи фақат мустаҳкам қонунларда эмас, инсоннинг шу қонун уни ҳимоя қилишига бўлган ишончида намоён бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида кейинги ўн йилда амалга оширилган ислоҳотлар қонун устуворлигини давлат бошқарувининг принципидан инсоннинг кундалик ҳаётида ҳис қиладиган қадриятга айлантирди.
ЎзА мухбири Норгул Абдураимова суҳбатлашди.