Янги инвестицион лойиҳалар тараққиётга хизмат қилмоқда
“Навоий иссиқлик электр станцияси” АЖ мамлакатимиз энергетика тизимида муҳим аҳамиятга эга бўлган йирик ишлаб чиқариш корхоналаридан биридир. Ўтган асрнинг 60 йилларида минтақадаги йирик ишлаб чиқарувчиларни электр энергетикаси билан таъминлаш мақсадида бунёд этилган мазкур корхона бугун мамлакат энергетика тизимида муносиб ўрин эгаллаб келмоқда. Корхона Бош директори Акмал Файзиев мухбиримизга амалга оширилаётган лойиҳалар, уларнинг самараси ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:
– Юртимиздаги дастлабки илк 478 МВт ҳамда 450 МВт қувватли замонавий буғ-газ қурилмалари айнан ушбу корхона негизида барпо этилган. Шу билан бир қаторда “650 МВт қувватли учинчи буғ-газ қурилмасини барпо этиш” инвестиция лойиҳаси ҳам стратегик аҳамиятга эга ташаббуслардан биридир. Мазкур лойиҳа янги генерация қувватларини яратиш, ёқилғи ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва замонавий технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этишни ўзида мужассамлаштирган.
Йирик энергетика лойиҳаларини амалга ошириш катта молиявий ресурслар, пухта муҳандислик ечимлари ва илғор халқаро тажрибани талаб этади. Навоий ИЭСдаги учинчи буғ-газ қурилмаси лойиҳаси ҳам Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорликнинг энергетика соҳасидаги амалий ифодасидир.
Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги JICA билан ҳамкорликда олиб борилаётган мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 786,7 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Бош пудратчи сифатида Япониянинг “Mitsubishi Corporation” ва “Mitsubishi Power Ltd.” компаниялари консорциуми иштирок этмоқда.
2024 йил 2 май куни учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида давлатимиз раҳбари томонидан ушбу лойиҳа қурилишига старт берилгани станция ривожида муҳим босқич бўлди.
Навоий вилоятининг Кармана ва Навбаҳор туманлари ҳудудида 22,9 гектар майдонда амалга оширилаётган лойиҳанинг энг муҳим жиҳатларидан бири унинг ишлаб чиқариш салоҳиятидир. Янги буғ-газ қурилмасида йилига 4 миллиард 786 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Бу электр таъминоти барқарорлигини мустаҳкамлаш, саноат ва ижтимоий соҳа объектларининг энергияга бўлган эҳтиёжини қондириш имкониятларини кенгайтиради.
Бироқ лойиҳанинг аҳамияти фақат ишлаб чиқариладиган электр энергияси ҳажми билан чекланмайди. Унинг яна бир устувор йўналиши ресурс тежамкорлигидир. Лойиҳага мувофиқ, қурилманинг йиллик табиий газ сарфи 905,83 миллион куб метрни ташкил этиши баробарида йилига 870 миллион куб метр табиий газ тежалиши кутилмоқда. Замонавий асосий ва ёрдамчи ускуналарнинг жорий этилиши эса станциянинг технологик салоҳиятини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Йирик инвестиция лойиҳасининг натижаси қурилиш майдонида амалга оширилаётган кундалик меҳнат, ишларнинг ўзаро мувофиқлиги ва ҳар бир босқичнинг сифатли бажарилишига боғлиқ. Учинчи буғ-газ қурилмасини барпо этиш жараёнида ҳам қурилиш, металл конструкцияларни ўрнатиш, механик монтаж, қувурлар, электр ҳамда назорат-ўлчов ва автоматика тизимлари бўйича кенг кўламли ишлар бажарилмоқда. Айни вақтда қурилиш майдонига 4 минг 472 нафар ходим ҳамда 185 та машина ва механизм жалб қилиниб, мобилизация ишлари тўлиқ якунланди.
Асосий ускуналарни етказиб бериш борасида ҳам муҳим натижаларга эришилди. Қозон-утилизатор ва унинг элементлари, ҳаво конденсатори, буғ турбинаси корпуси ва генератори, газ турбинаси ҳамда унинг генератори, шунингдек, куч трансформатори бўйича етказиб бериш кўрсаткичлари тўлиқ бажарилишига эришилди. Бу кейинги монтаж ва созлаш босқичларини ташкил этиш учун муҳим асосдир.
[gallery-31416]
2026 йилнинг ўтган даври мобайнида лойиҳа бўйича жами 604,46 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ ўзлаштирилди. Маблағлар қурилма ва ускуналар, қурилиш, лойиҳалаш ҳамда маслаҳат хизматларига йўналтирилган.
Ҳар қандай йирик лойиҳанинг қадри унинг инсон ҳаётига, меҳнат шароитига ва ҳудуд ривожига таъсири билан ҳам ўлчанади. Учинчи буғ-газ қурилмаси лойиҳаси доирасида 347 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Навоий ИЭСда барпо этилаётган 650 МВт қувватли учинчи буғ-газ қурилмаси мамлакатимиз энергетика салоҳиятини юксалтириш йўлидаги муҳим қадамдир. Лойиҳанинг рўёбга чиқиши янги ишлаб чиқариш имкониятлари, тежамкор технологиялар ва барқарор энергия таъминоти учун қўшимча замин яратади. Зеро, тараққиётнинг мустаҳкам пойдевори бугун амалга оширилаётган аниқ ва истиқболли ишлардан бошланади. Энергетика соҳасидаги янги инвестицион лойиҳалар эса иқтисодиётнинг барқарор ўсиши ва халқимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган ана шундай муҳим қадамлардан биридир.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари