Янги амалиёт: Бозор назорати тизими жорий этилмоқда
Бугунги кунда бозорларда маҳсулотлар тури ва ҳажми ортиб бормоқда. Бозорлар аҳолига хавфсиз, зарур маҳсулот ва товарларни етказиб беришда муҳим ҳисобланади. Лекин амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш тизими бозордаги барча ноозиқ-овқат маҳсулотларини тўлиқ қамраб олиш имконини бермайди. Бу эса маҳсулотлар сифатини таъминлаш, уларнинг инсон ҳаёти ва соғлиғига таъсирини баҳолашда айрим муаммоларни юзага келтирмоқда.
Шу сабабли амалдаги давлат назорати тизимидан халқаро тажрибада юқори самара берган, Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мувофиқ бўлган бозор назорати тизимига ўтиш зарурати юзага келяпти.
Шу муносабат билан истеъмолчиларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, бозорга кириб келган барча ноозиқ-овқат маҳсулотларининг инсон ҳаёти ва соғлиғига хафсизлиги ҳамда атроф-муҳитга зарар етказмаслигини таъминлашга қаратилган “Бозор назорати” қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилган. Унда бозор назоратини амалга ошириш механизмларини жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш кўзда тутилмоқда.

Қонунчилик палатаси мажлисида ушбу қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қизғин муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси билан янги тизим — бозор назорати тизими жорий этилмоқда. Қонунчиликка бозор назорати тушунчаси киритилмоқда, ваколатли органларнинг ваколатлари, вазифалари белгиланмоқда.
Лойиҳада бозор назоратини амалга оширишнинг таъсирчан механизмлари, хусусан, назорат харидлари, маҳсулотлар экспертизаси, жойига чиққан ҳолда ўрганишлар ўтказишнинг хуқуқий асослари белгиланмоқда. Шунингдек, маҳсулотлар номувофиқлиги ёки истеъмолда жиддий хавф-хатар туғдириши аниқланганда кўриладиган таъсир чораларига оид нормалар акс эттирилган.
Амалиётда бозор назоратини олиб борувчи айрим ташкилотлар бир-бирини такрорловчи вазифаларни бажаради. Шу боис, бозор назоратини олиб боришда ваколатли органлар билан божхона органлари ўртасидаги ҳамкорлик, бозор назорати соҳасида идоралараро ахборот алмашинуви, иқтисодий операторларнинг жавобгарлиги ҳамда инсон ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни истеъмолчиларга қоплаб беришнинг ҳуқуқий асослари аниқланмоқда.
Бозор назорати жараёнида божхона органларининг иштироки белгилаб берилмоқда. Бозор муносабатларини мувофиқлаштирувчи кенгаш фаолияти йўлга қўйилади.
Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА