“Xalq gazeti”: Бухорода Шарқ руҳи ва Ғарб санъати уйғунлашмоқда
Озарбайжон Республикасининг “Xalq gazeti” нашри Бухорода ўтказилаётган Француз маданияти ойлигига бағишланган мақола эълон қилди.
“Бухорода Шарқ руҳи, Ғарб санъати” сарлавҳали материалда Ўзбекистоннинг қадимий Бухоро шаҳри бой тарихий мерос ва замонавий Европа маданиятини бирлаштирган маскан сифатида тасвирланган. Қайд этилишича, 2–31 октябрь кунлари давом этадиган маданий дастур доирасида концерт, рақс намойишлари, кино кечалари, кўргазма ва турли маданий тадбирлар ташкил этилмоқда.
Нашр Бухоронинг тарихий обидаларига ҳам алоҳида эътибор қаратиб, тадбирларнинг бир қисми Арк қўрғони, Пойи Калон мажмуаси ва Ситораи Мохи Хоса саройи каби қадимий масканларда ўтказилаётгани таъкидланган.
Шунингдек, мақолада 23–25 октябрь кунлари Бухорода ўтказилиши режалаштирилган “Painting Mirror” (Рангтасвир ойнаси) рақамли санъат лойиҳасига ҳам тўхталиб ўтилган. Унда француз рассомлиги, графика, кўча санъати ва сунъий интеллект технологиялари имкониятлари бирлаштирилади. “Xalq gazeti” нашри Француз маданияти ойлигини Бухоронинг бой тарихий мероси ва замонавий Европа санъати ўртасидаги маданий мулоқотни намоён этувчи лойиҳа сифатида баҳолаган.
Д.ҲАКИМОВ,
ЎзА