WBC рейтингида боксчиларимизнинг ўрни қандай?
Бутунжаҳон бокс кенгаши (WBC)нинг сентябрь ойи учун рейтинг жадвали янгиланди. Янги рўйхатда Ўзбекистоннинг 11 нафар вакили турли вазн тоифаларида энг кучли 40 нафар боксчи орасидан жой олган.
WBC томонидан сентябрь ойи учун янгиланган рейтингида мамлакатимиз боксчилари орасида энг юқори натижа Муроджон Аҳмадалиевга тегишли бўлиб, у иккинчи энг енгил вазн тоифасида 3-поғонадаги мавқеини сақлаб қолди.
Ушбу вазн тоифасида яна бир ҳамюртимиз — Муҳаммад Шехов ҳам рейтингдан жой олган. У бир поғона юқорилаб, 9-ўринга кўтарилди. Супероғир вазнда Баҳодир Жалолов 11-ўриндаги мавқеини сақлаб қолган бўлса, Лазизбек Мулложонов уч поғона пастлаб, 25-ўриндан жой олди. Енгил вазнда Сирочбек Исмоилов ҳам ўз натижасини яхшилади. У 16-ўриндан 15-поғонага кўтарилди.
Суперўрта вазнда Бектемир Мелиқўзиев 6-ўринни эгаллаган. У аввалги ойга нисбатан бир поғона пастлаган. Нурислом Исмоилов эса 28-ўриндаги ўрнини сақлаб қолди. Биринчи ўрта вазнда Исроил Мадримов 8-ўриндан жой олди. Ҳамюртимиз аввалги рейтингда 7-поғонада эди. Биринчи ярим ўрта вазнда эса Ўзбекистоннинг уч нафар боксчиси рейтингдан ўрин олган. Мужибилло Турсунов бир поғона юқорилаб, 28-ўринга кўтарилди. Шоҳжаҳон Эргашев 31-ўринни эгаллади, Руслан Абдуллаев эса 35-поғонадаги мавқеини сақлаб қолди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА