Венесуэлада маош ошади
Венесуэла раҳбари Делси Родригес 1 майдан иш ҳақи оширилишини эълон қиларкан, бу ўзгаришни “масъулиятли қадам” деб атади. Рақамлар эса очиқланмаган. Ҳукумат аҳоли даромадини босқичма-босқич тиклашни мақсад қилган. Бу жараёнда асосий умид нефть ва кончилик соҳасидан келадиган даромадга боғланмоқда.
Ҳозир ушбу мамлакатда вазият анча оғир. Энг кам иш ҳақи жуда паст даражада ва 2022 йилдан бери ўзгармай келяпти. Давлат ходимлари қўшимча тўлов ҳисобига ўртача 150 доллар атрофида ойлик олади. Бу миқдор ҳам кундалик харажат учун етарли эмас.
Родригес маош оширишда инфляцияни ҳисобга олиш муҳимлигини таъкидлади. Зеро, Венесуэлада нарх тез ўсяпти. Демак, ҳар қандай нотўғри қарор вазиятни янада мураккаблаштириши мумкин. Шу боис ҳукумат эҳтиёткор сиёсат юритмоқчи. Етакчининг сўзларига кўра, иқтисод тикланиши билан даромад ҳам аста-секин кўтарилади.
Дарвоқе, расмийлар АҚШ санкцияси бекор қилиниши тарафдори. Сўнгги ойларда икки давлат ўртасидаги муносабат бироз яхшиланган. Нефть ва кончилик соҳасига сармоя жалб қилиш имконияти очиляпти. Айнан шу йўл билан иқтисодий барқарорликка эришиш режалаштирилган.
Мусулмон Зиё, ЎзА