Ватан ҳимояси учун қасамёд
Хоразм вилоятидаги Жалолиддин Мангуберди номидаги ҳарбий академик лицейда ёш ўғлонларнинг “Ваъда бериш” маросими тантанали руҳда ўтказилди.
Эрталабдан тантана майдонида ҳукм сурган руҳни сўз билан тўлиқ ифодалаш қийин. Бир томонда фарзандини катта умидлар билан кузатаётган ота-оналар, иккинчи томонда елкасида Ватан олдидаги масъулиятни ҳис қилаётган ёш ўғлонлар. Уларнинг нигоҳларида қатъият, қалбларида ҳаяжон, қадамларида эса ўзига бўлган ишонч акс этарди.
Маросимда сўзга чиққанлар ёшларни ушбу қутлуғ кун билан самимий муборакбод этди. Лицей ўқувчиларининг таълимдаги ютуқлари алоҳида эътироф этилиб, 2025-2026 ўқув йилида мазкур масканда таҳсил олган барча ёшларнинг нуфузли олий таълим муассасаларига юз фоиз давлат гранти асосида қабул қилинганлиги таъкидланди. Бу натижа, аввало, ёшларнинг изланиши, устозларнинг фидокорона меҳнати ва ота-оналарнинг қўллаб-қувватлаши самараси эканлиги қайд этилди.
Саф майдонида 150 нафар ёш ўғлоннинг бир овоздан янграган онт сўзлари тантана майдонини янада улуғвор руҳга чулғади. Ҳар бир сўзда Ватанга муҳаббат, ҳар бир жумлада садоқат, ҳар бир нигоҳда халқимиз олдидаги масъулият мужассам эди.
Округ қўмондони, лицей раҳбарияти, Хоразм вилоят ҳокимлиги вакиллари ҳамда ўқувчиларнинг ота-оналари тадбирга гувоҳ бўлиб, ёш ўғлонларнинг қалбидан кўтарилган садоқат нидосини биргаликда ҳис этдилар.
– Бугун зиммасига олган оғир, аммо шарафли бурчини англаган ҳолда, буюк аждодлар руҳи олдида ва она Ватан тупроғини муқаддас билиб 150 нафар йигит йигитлик онтини ичди, – дейди урганчлик Зафар Собиров. – Уларнинг орасида менинг жияним ҳам борлигидан фахрланаман. Чунки, у даставвал менга ҳавас қилиб, ҳарбий бўлишга қизиқди. Энди эса унинг ўзи ҳарбийлар сафида. Бу кун лицей ўқувчилари ҳаётида оддий сана бўлиб қолмайди. Зеро, бугун улар ўз қалбларидаги Ватанга муҳаббатни сўз билан ифодалабгина қолмай, уни муқаддас онт билан мустаҳкамладилар.
Тадбир давомида Ватан ҳимоясининг нақадар шарафли ва масъулиятли бурч экани, ёш авлод қалбида ватанпарварлик, мардлик, жасорат ва фидойилик туйғуларини янада мустаҳкамлаш муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Маросим якунида ҳарбий оркестр ижросидаги Ватан мадҳига йўғрилган куй-қўшиқлар тантана руҳини янада кўтарди. Қўл жанги усталарининг маҳорат намойиши эса ёшларнинг жисмоний чиниқиши, қатъияти ва ҳарбий тайёргарлигини намоён этди.
Ота-оналар эса фарзандларига боқаркан, кўзларида фахр, қалбларида чексиз ишонч билан турдилар.
[gallery-31671]
Жалолиддин Мангуберди юрт озодлиги ва мустақиллиги йўлида мардлик ва жасорат тимсолига айланган буюк саркарда. Аждодга муносиб бўлиш номни такрорлаш билан эмас, унинг маънавий меросига муносиб амаллар билан исботланади. Қасамёд қабул қилган ёш ўғлонлар ҳам ана шу буюк меросни қалбига сингдириб, Ватан шаънини ҳимоя қилиш, халқ хизматида фидокор бўлиш, юрт тинчлиги ва осойишталигини асраш йўлида бор куч-ғайратини сафарбар этишга ваъда бердилар.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбирлари