Ватан ҳимояси ишончли қўлларда
Бугунги шиддатли замон ёш авлоддан нафақат юксак билим ва интеллектуал салоҳиятни, балки мустаҳкам ирода, жисмоний чиниқиш ва Ватан тақдирига дахлдорлик ҳиссини ҳам талаб этмоқда. Ана шу мақсад йўлида Сирдарё вилоятининг 600 нафарга яқин ўқувчи ёшлари иштирокида Тошкент ҳарбий округига қарашли “Ангрен” дала-ўқув майдонида ўтказилган амалий машғулотлар чинакам маҳорат мактабига айланди.
“Ёшлар – Ватан ҳимоячилари сафида” шиори остида ташкил этилган ушбу йирик тадбир вилоятнинг барча ҳудудларидан саралаб олинган, ҳарбий соҳага иштиёқи баланд ўғил-қизларни бир мақсад йўлида бирлаштирди.

Дала-ўқув майдонидаги қизғин жараёнлар ёшлар учун нафақат ҳарбий ҳаёт билан яқиндан танишиш, балки ўз имкониятларини амалда синаб кўриш имконини берди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва Мудофаа ишлари бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган машғулотлар давомида ўқувчилар ўқ отар қуролларни қисмларга ажратиш ва йиғиш, гранатани белгиланган масофага аниқ улоқтириш каби мураккаб вазифаларни маҳорат билан бажарди. Ҳар бир ҳаракатда акс этган интизом ва масъулият ёшлар қалбида ҳарбий хизматга бўлган ҳурмат ва қизиқишнинг нақадар юқори эканидан далолат беради. Малакали мутахассислар томонидан берилган ҳарбий-тактик сабоқлар эса иштирокчиларнинг соҳа ҳақидаги тасаввурларини янада кенгайтирди.

Бу каби амалий тадбирларнинг моҳияти шунчаки жисмоний машқлар билан чекланиб қолмайди. Мутахассислар таъкидлаганидек, бевосита ҳарбий полигон шароитида ўтказилган бундай чиқишлар ёшларда қатъиятлилик, жамоада ишлаш кўникмаси ва энг муҳими, юрт ҳимоясидек муқаддас бурчни англаш ҳиссини шакллантиради.

–Бундай амалий машғулотлар ёшларнинг ҳарбий соҳага қизиқишини ошириш билан бирга, уларда Ватан олдидаги бурчни англаш, интизом ва масъулият ҳиссини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга, — деди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти кенгашининг ҳарбий қисм ва муассасаларидаги бошланғич ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўлими бошлиғи, капитан Фурқатжон Азимов. — Энг асосий мақсад ёшларни жисмонан бақувват, маънан етук ва Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси юксак бўлган авлод сифатида тарбиялашдир.

Бевосита ҳарбий муҳитда ўтган машғулотлар кўплаб ўқувчиларда келажакда ҳарбий касбни танлаш истагини янада мустаҳкамлади. Махсус ҳарбий кийим ва замонавий қурол-аслаҳалар билан бевосита танишиш жараёнида ўқувчиларнинг кўзидаги шижоат уларнинг эртанги кунимизнинг ишончли ҳимоячилари бўлиб камол топаётганини тасдиқлади.
Амалий машғулотларда тобланган ёшлар келажакда юртимиз тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилишда албатта муносиб ворис бўлиб майдонга чиқади. Зеро, бундай тадбирлар ёшлар қалбида юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссини уйғотиб, уларни юксак мақсадлар сари руҳлантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Ғулом Примов, ЎзА