UZEX: йилнинг тўққиз ойида 1,7 миллиондан ортиқ битим тузилди
2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси савдо платформаларида 1,7 миллиондан ортиқ битим тузилди. Битимлар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 29 фоизга ошди. Шунингдек, 27,6 мингдан зиёд янги мижоз биржа платформаларига жалб қилинди.
"Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси" АЖ матбуот котиби Ҳикматулло Тиллабоевнинг маълум қилишича, биржа фаолиятини такомиллаштириш, савдо жараёнларини рақамлаштириш ва хизматлар кўламини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида савдо платформаларда ижобий кўрсаткичларга эришилмоқда.
Хусусан, 2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида биржа ва электрон савдо платформалар орқали 1,7 миллиондан ортиқ битим тузилди. Шу даврда 27,6 мингдан зиёд янги мижоз жалб қилинди. Умуман, савдо платформаларидаги битимлар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 29 фоизга ошди.
Хусусан, биржа савдолари 31 фоизга, давлат харидлари 32 фоизга, кўргазма-ярмарка савдолари эса 68 фоизга ўсди. Ташқи савдо битимлари ҳажми уч баробардан зиёд кўпайиб, 646,6 миллион долларга етди.
-Давлат харидлари йўналишида ҳам самарадорликни оширишга эътибор қаратяпмиз. "Xarid" электрон тизими орқали ўтказилган харидлар натижасида 6,8 триллион сўм маблағ тежалди. Платформанинг янги версиясида қидирув ва нархларни таҳлил қилиш имкониятлари такомиллаштирилди, фойдаланувчиларга тезкор жавоб бериш учун сунъий интеллект технологиялари жорий этилди. Шунингдек, марказлашган харидлар механизми ва фармацевтика маҳсулотлари савдосига мўлжалланган махсус платформа ишга туширилди.
Суюлтирилган газ савдоси ҳам ўсиш тенденциясини кўрсатди. Бу даврда биржа орқали 312,8 минг тонна газ сотилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 22,3 фоиз кўпдир.
Қимматбаҳо металлар савдоси, мобил рақамларни электрон аукцион орқали сотиш ва бошқа йўналишларда ҳам электрон хизматлар кўламини кенгайтирдик. Мобил рақамлар савдосида қарийб 5 мингта рақам реализация қилинди. Айни пайтда фойдаланувчилар учун операторни мустақил танлаш ва рақамларни электрон тарзда сотувга чиқариш имкониятлари яратилди.
Яна бир муҳим йўналиш эса халқаро фьючерс савдоларида маҳаллий тадбиркорлар иштирокини таъминлашдир. Шу мақсадда Сингапурнинг "Phillip Capital" компанияси билан ҳамкорликда "UZEX GLOBAL" қўшма корхонасини ташкил этдик.
Бунинг натижасида маҳаллий иштирокчиларга йирик халқаро биржаларда мис, буғдой, пахта, нефть ва олтин каби товарлар бўйича фьючерс битимларини амалга ошириш, нарх ўзгариши билан боғлиқ хатарларни камайтириш имконияти яратилмоқда.
Келгусида ҳам биржа инфратузилмасини ривожлантириш, электрон хизматларни кенгайтириш, савдо жараёнларига рақамли технологияларни жорий этиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратамиз, - деди Ҳ.Тиллабоев.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.