Устознинг қадрли меҳнати, оиласи ва фарзандларининг бахт-саодати давлат эътиборида
Янги қарор
Ҳа, бугун мамлакатимизда таълим соҳаси, айниқса, педагогларнинг меҳнати ва ижтимоий мақомига бўлган эътибор тобора кучайиб бормоқда. Буни илму ирфон, зиё, тафаккур ва ҳикматлар хазинаси бўлган устоз ва мураббийларни қўллаб-қувватлашга қаратилган изчил чора-тадбирлар, яратилаётган имтиёз ва имкониятлар мисолида яққол кўриш мумкин.
Шу нуқтаи назардан, педагогларнинг фарзандларини қўллаб-қувватлашга қаратилган яна бир муҳим қарорнинг қабул қилингани жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.
Дарҳақиқат, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 17 сентябрдаги тегишли қарорига мувофиқ, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб педагогларнинг давлат олий таълим ташкилотларининг бакалавриатида кундузги таълим шаклида тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган фарзандларига контракт тўлови бўйича 30 фоиз миқдорида чегирма берилиши ўқитувчи халқига катта ёрдам бўлди.
Бу, аввало, педагог оилаларининг ижтимоий қўллаб-қувватланишини кучайтириш, айниқса, ўз фарзанди ҳам келгусида педагог бўлишини истаётган педагог ота-оналарнинг ниятини рўёбга чиқаришга хизмат қиладиган амалий механизмдир.
Зеро, бугунги ўқитувчи ўз касбий вазифасини фидоийлик билан бажариш баробарида фарзандининг таълими, унинг айнан педагоглар йўлидан бориши ҳақида ҳам қайғуради. Олий таълим контракти эса кўплаб оилалар учун салмоқли молиявий юк ҳисобланади. Шу боис педагог фарзандига берилаётган 30 фоизлик чегирма оиланинг ушбу харажатларини муайян даражада енгиллаштиради.
Бундай саъй-ҳаракат – устозлар меҳнатига муносиб эътиборгина бўлиб қолмай, муаллимлар сулоласини яратишга қўйилаётган мустаҳкам пойдевордир!
“Адолат” социал-демократик партияси учун таълимнинг сифатли ва ҳамма учун очиқ бўлиши, инсоннинг билим олиш ҳуқуқи, ижтимоий адолат ва тенг имкониятлар масалалари доимо муҳим аҳамият касб этиб келган.
Шу нуқтаи назардан қараганда, мазкур ташаббуснинг аҳамияти фақатгина 30 фоизлик чегирма билан чекланиб қолмайди.
Унинг замирида “устознинг қадрли меҳнати, оиласи ва фарзандларининг бахт-саодати давлат эътиборида”, деган муҳим ижтимоий ёндашув мужассам.
Ўқитувчи болага таълим беради. Унга китоб ўқишни, илмни, касбни, ҳаётда ўз ўрнини топишни ўргатади. Шунинг учун ҳам ўқитувчини қўллаб-қувватлаш – аслида бутун жамиятнинг интеллектуал салоҳиятини қўллаб-қувватлашдир.
Имтиёзнинг ижтимоий аҳамияти бисёр. Бугун бир педагог оиласида фарзанд олий маълумот олаётган бўлса, бу нафақат бир оиланинг, балки мамлакатнинг инсон капиталига киритилаётган сармоядир.
30 фоизлик чегирма эса ота-онанинг молиявий имкониятларини енгиллаштириб, фарзанднинг олий маълумот олишини давом эттириши учун қўшимча имконият яратади.
Айниқса, бир оилада бир нечта фарзанд олий таълим олаётган ҳолатларда бундай ижтимоий кўмакнинг аҳамияти янада ортади.
Энг муҳими, мазкур ёндашув ёш авлодга ҳам муҳим бир ғояни сингдиради: жамиятда ҳалол меҳнат қилаётган инсоннинг меҳнати қадрланади ва унинг оиласи ҳам эътиборсиз қолмайди.
Давлатнинг педагогларга муносабати, аввало, унинг таълим ва келажак авлодга муносабатини кўрсатади. Бинобарин, таълимга қилинган ҳар бир сармоя – келажакка сармоядир.
Шунинг учун бугун педагогнинг меҳнат шароити, касбий ўсиши, ижтимоий ҳимояси ва фарзандларининг таълим олиши учун яратилаётган имкониятларни бир-биридан ажратиб қараб бўлмайди.
Уларнинг барчаси ягона мақсадга – биринчидан, ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда халқнинг маънавий-маданий салоҳиятини бойитишга қаратилган меҳнатини қадрлашга, иккинчидан, билимли, эркин фикрлайдиган ва мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган авлодни тарбиялашга хизмат қилади.
“Адолат” СДП нуқтаи назаридан, инсон манфаатларини таъминлаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва таълим олиш учун тенг имкониятларни кенгайтиришга қаратилган ҳар қандай амалий чора жамият тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга.
Бугун устознинг фарзандига берилган имконият – эртага мамлакатнинг ўзига қайтиб келадиган инвестициядир. Ваҳоланки, устозга ғамхўрлик – таълимга ғамхўрлик. Таълимга ғамхўрлик – миллат келажагига ғамхўрликдир.
Шу маънода, педагоглар фарзандларига олий таълим контракт тўловининг 30 фоизини чегириш бўйича янги тартибни устозларни қўллаб-қувватлаш сиёсатининг яна бир амалий ифодаси сифатида баҳолаш мумкин. Бу албатта, камтар ва камсуқум муаллимларимизга бўлган оталарча ғамхўрликнинг намунасидир.
Абдукамол РАҲМОНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сиёсий кенгаши раисининг ўринбосари.
ЎзА