Устозга эҳтиром — шогирдларга ибрат
Хатирчида таниқли педагог, тажрибали мактаб директори Тошмамат Эгамбердиев билан “Устоз-шогирд” учрашуви бўлиб ўтди.
Навоий вилояти Хатирчи туманидаги 44-умумтаълим мактабида таниқли педагог, узоқ йиллар таълим-тарбия соҳасида самарали фаолият юритган, кўплаб шогирдлар етиштирган Тошмамат Эгамбердиев билан “Устоз-шогирд” учрашуви ташкил этилди.
Тадбирда туман нуронийлар кенгаши раҳбари Ибодулла Мустафоев, Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши раиси Ғофур Алиев, туман ҳокими ўринбосари Мадамин Абдуллаев, туман Маънавият ва маърифат бўлинмаси раҳбари Маъруфжон Маҳмудов, мактаб директори Қодир Эгамбердиев, устознинг ҳамкасблари, шогирдлари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.


Учрашув аввалида устознинг ҳаёт йўли, педагогик фаолияти ва таълим соҳасига қўшган ҳиссасини акс эттирувчи видеолавҳа намойиш этилди. Унда Тошмамат Эгамбердиевнинг кўп йиллик меҳнат фаолияти, устозлик мактаби ва шогирдлари билан боғлиқ хотиралар ўз ифодасини топди.Тадбир давомида сўзга чиққанлар устознинг юксак педагогик маҳорати, фидойидаги ва касбига бўлган садоқатини алоҳида эътироф этдилар.
Хусусан, унинг мактаб директори сифатида фаолият юритган даврида таълим сифатини ошириш, ўқувчилар билимини мустаҳкамлаш ва ёшларнинг келажакда муносиб ўрин эгаллаши йўлида амалга оширган ишлари ҳақида илиқ фикрлар билдирилди.
Шунингдек, Тошмамат Эгамбердиевнинг ўқувчиларни тест синовларига тайёрлаш тизимини йўлга қўйишдаги ташаббуслари, репетиторлик курсларини ташкил этиб, ёшларнинг билим ва салоҳиятини оширишга қўшган ҳиссаси ҳам алоҳида таъкидланди. Устознинг ҳамкасблари Саъдулла Бекназаров, Муҳаббат Қаршиева ва Сафия Тўраева ўз хотиралари билан ўртоқлашиб, унинг инсоний фазилатлари, касбий тажрибаси ҳамда таълим йўлидаги фидокорона меҳнати ҳақида сўз юритдилар.

Турли вазирлик ва идораларда фаолият юритаётган шогирдлари эса устознинг ҳаётларида тутган ўрни, берган сабоқлари ва касбий шаклланишларига кўрсатган таъсирини миннатдорлик билан ёдга олдилар. Айниқса, Тошмамат Эгамбердиевнинг немис тилидан берган сабоқлари, мураккаб грамматик қоидаларни ҳам содда, тушунарли ва эсда қоларли тарзда ўргатиш маҳорати алоҳида эътироф этилди.Учрашувда устознинг нафақат билим берувчи педагог, балки шогирдларига ҳаёт йўлини кўрсатган, уларда меҳнатсеварлик, интилиш ва масъулият туйғуларини шакллантирган мураббий сифатидаги хизматлари ҳақида ҳам сўз борди.
Тадбирнинг бадиий қисмида устоз шарафига шеърлар ўқилиб, дилга яқин куй-қўшиқлар ижро этилди. Самимий мулоқот давомида Тошмамат Эгамбердиев ўзининг кўп йиллик педагогик тажрибаси билан ўртоқлашиб, ёшларга илм олиш, касбга садоқатли бўлиш ва ҳаётда доимо изланишда давом этиш юзасидан қимматли маслаҳатларини берди.

Якунида устозга ташаккурнома, гулдаста ва эсдалик совғалари топширилди. Иштирокчилар билан биргаликда эсдалик суратига тушилди.
Мазкур учрашув устоз ва шогирд ўртасидаги меҳр-оқибат, эҳтиром ва маънавий ворислик ришталарини янада мустаҳкамлаш, фидойи педагогларнинг ибратли ҳаёт йўлини ёш авлодга етказишда муҳим аҳамият касб этди.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА