Устоз ва мураббийларга эҳтиром
Андижонда "Сизга таъзим, устозлар!” деб номланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Андижондаги “Яккасарой” тантаналар саройида ташкил этилган вилоят байрам тадбирида таълим-тарбия соҳасида самарали меҳнат қилаётган устоз ва мураббийлар, соҳа илғорлари, фахрийлар иштирок этди.
Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов барча устозларни касб байрамлари билан муборакбод этиб, мамлакатимизда нафақат ўқитувчи ва мураббийлар, балки турли соҳаларда фаолият юритиб, бугун кексалик гаштини сураётган устозлар, меҳнат фахрийларига юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилаётганлиги, устозларнинг жамият тараққиёти, инсон камолотидаги ўрни ва роли ниҳоятда катта эканлигини алоҳида таъкидлади.

– Устозларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимизнинг азалий қадриятларидан ҳисобланади, – дейди Шуҳратбек Абдураҳмонов. – Шу маънода устозларимизни, ўқитувчи ва мураббийларимизни ҳар қанча эъзозласак, эҳтиром кўрсатсак ярашади. Чунки улар қайси соҳа вакили бўлмасин, самарали меҳнатлари, юзлаб шогирдларга ўз касбининг сир-асрорларини ўргатган, шогирдлар камоли, уларнинг униб-ўсиши учун бор куч-ғайратини бахшида этган қадрдон инсонлардир.


Шунингдек, тадбирда таълим соҳасида кўп йиллик самарали меҳнати, ташаббускорлиги ва ибратли фаолияти билан ҳамкасбларига намуна бўлиб келаётган илғор устозларнинг меҳнати алоҳида эътироф этилди. Бир гуруҳ фаол, фидойи устоз ва мураббийлар вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Байрам тадбирида устозларнинг шаънига чиройли сўзлар айтилди, дил изҳорлари билдирилди.

Эл суйган санъаткорлар томонидан ижро этилган куй, қўшиқ ва рақслар, намойиш этилган бадиий дастур барчага хуш ва байрамона кайфият улашди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари