Уран бозорида янги босқич: “Навоийуран”нинг йил натижалари
“Навоийуран” давлат корхонаси дунёдаги энг йирик уран қазиб олувчи компаниялардан бири бўлиб, 2025 йил якунларининг дастлабки натижаларини эълон қилади.
Ҳозирги кунда компания уран қазиб олиш ҳажми бўйича дунёда 6-ўринни эгаллаб турибди ва 43 та уран конини бошқаради ҳамда умумий ҳажми 151,1 минг тонна уранни ташкил этувчи ресурс базасига эга. Шундан қарийб 96,6 минг тоннаси JORC стандартларига мувофиқ тасдиқланган захиралардир. Компания ресурс базасини изчил кенгайтириш бўйича барқарор ўсиш суръатларини намоён этмоқда.
Ҳисоботга кўра, компания тушуми 2025 йилда 1,1 миллиард доллардан ошиб, ўтган йилга нисбатан 20 фоиздан зиёд ўсган. Бу натижа биринчи навбатда ишлаб чиқариш ҳажмининг 35 фоизга ошгани билан изоҳланади. Уран нархларининг халқаро бозорда нисбатан юқори даражада сақланиб қолгани ҳам тушум ўсишига ижобий таъсир кўрсатган.
Компаниянинг эркин пул оқими қарийб 60 фоизга ошгани алоҳида эътиборга лойиқ. Бу кўрсаткич “Навоийуран”нинг ўз операцион фаолиятидан етарли даражада фойдалангани ва ўз инвестиция дастурларини ички манбалар ҳисобига молиялаштириш имкониятига эга эканини англатади.
– Бизнинг устувор йўналишларимиз активларни ривожлантириш, захираларни ошириш, илғор замонавий қазиб олиш технологияларини қўллаш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат, – дейди компания бош директори Жамол Файзуллаев. – Инвестицияларнинг асосий қисми эса янги конларни ўзлаштириш ва мавжуд активларни кенгайтиришга йўналтирилган. Бу эса ўз навбатида ресурс базасининг 52 фоизга ошишига хизмат қилмоқда. Жорий йил бошига келиб, JORC стандартларига мувофиқ тасдиқланган уран захиралари қарийб 100 минг тоннага яқинлашгани компаниянинг келгуси ишлаб чиқариш ҳажмларини таъминлаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга.
Бугунги кунда “Навоийуран” ер остида эритиб олиш технологияларини изчил ривожлантириш орқали самарадорликни оширишга эришмоқда. Хусусан, кислородли ва карбонатли эритиш усулларининг жорий этилиши ишлаб чиқариш харажатларини оптималлаштириш ва кимёвий реагентлар бозоридаги ўзгарувчанликка боғлиқликни камайтириш имконини бермоқда. Бу эса компаниянинг узоқ муддатли рақобатбардошлигини таъминловчи муҳим омиллардан биридир.
Шу билан бирга, Қизилқоқ ва Арнасой каби янги конларни ўзлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар “Навоийуран”нинг ишлаб чиқариш ҳажми ва ҳудудларини кенгайтиришга хизмат қилади. Бу лойиҳалар нафақат қўшимча ресурслар манбаи, балки технологик ва инфратузилмавий салоҳиятни ҳам оширишга қаратилган.
Компания фаолиятида ESG тамойилларига риоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Иқлим ўзгаришига қарши курашиш, экологик таъсирни камайтириш ва барқарор ишлаб чиқариш моделларини жорий этишга қаратилган ташаббуслар глобал инвесторлар учун ҳам муҳим омиллар ҳисобланади.
Умуман олганда, 2025 йил якунлари “Навоийуран”нинг барқарор ўсиш траекториясида эканини кўрсатади. Кучли пул оқими, паст қарз юкламаси, кенгайиб бораётган ресурс базаси ва замонавий технологияларга таянаётган операцион модель компаниянинг келгусида ҳам глобал уран бозоридаги ўрнини мустаҳкамлаб боришига замин яратади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири