Университетда учрашув
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Ёшлар куни муносабати билан “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди. Тадбирда мазкур олий ўқув юртининг журналистика йўналишида таҳсил олаётган иқтидорли талабалар иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Шуҳрат Орипов сўнгги йилларда мамлакатимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг ижобий самаралари ҳақида сўзлади.
Таъкидланганидек, матбуот ва медиа соҳасида қабул қилинган фармон ва қарорлар асосида, журналистларнинг сўз эркинлигини таъминлаш ва давлат органларининг очиқлиги бўйича олиб борилаётган ишлар, оммавий ахборот воситалари ходимларига кенг имкониятлар яратиб бермоқда. Бундан самарали фойдаланиб келаётган ёшларимиз бугунги кунда нафақат юртимизда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситаларида, балки дунёдаги энг машҳур медиа марказларда ўз ижодий ишларини олиб бормоқда.
Учрашув давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, журналистика соҳасига оид амалий маслаҳатлар олди. Очиқ мулоқот тарзида ўтган ушбу тадбир ёшлар учун катта тажриба мактаби бўлди.
[gallery-28540]
Учрашув ёшларнинг фикр ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, журналистика соҳасига бўлган қизиқишни янада оширишга хизмат қилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.