Университет талабаси олтин медални қўлга киритишга мувфффақ бўлди
Гулистон давлат университети Спорт фаолияти факультетининг 4-босқич талабаси Ҳилола Ортиқбоева Тошкентда ўтказилган CISM I-жаҳон ҳарбий кураш Чалленгеида олтин медалга сазовор бўлди.
2026 йил 10–15 сентябрь кунлари ўтказилган мусобақада турли давлатлардан келган ҳарбий спортчилар кураш бўйича баҳс олиб боришди. Аёллар ўртасида -57 килограмм вазн тоифасида иштирок этган Ҳилола Ортиқбоева барча рақибларини мағлуб этиб, биринчи ўринни эгаллади.

Мазкур мусобақа Халқаро ҳарбий спорт кенгаши (CISM) томонидан ташкил этилган бўлиб, ҳарбий кураш бўйича илк жаҳон мусобақаси сифатида ўтказилди.

Ҳилола Ортиқбоеванинг ғалабаси Гулистон давлат университети жамоаси учун ҳам қувонарли воқеа бўлди.

— Ҳилола Ортиқбоеванинг CISM I-жаҳон ҳарбий кураш Чалленжида олтин медални қўлга киритгани университетимиз жамоаси учун қувонарли воқеа бўлди. Бундай натижа талабаларимизнинг спортдаги салоҳиятини намоён этибгина қолмай, халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этаётганини ҳам кўрсатади. Бу эса, нафақат университетимизда спортга бўлган эътибор ва қизиқишни янада оширишга, балки ёшларни янги марралар сари интилишга руҳлантиради, — деди Гулистон давлат университети проректори Дилмурод Эшмуродов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири