Украина: Европа, СИни бизда синаб кўр!
Украина Европа давлатларига сунъий интеллектни амалда синаб кўриш учун ўз тажрибасидан фойдаланишни таклиф қилмоқда. Рақамли трансформация вазири Оксана Ферчук айтишича, уруш шароитида яратилган электрон давлат хизмати, кибер хавфсизлик ва рақамли инфратузилма соҳасидаги тажриба қитъа учун қимматли бўлиши мумкин.
Украинада фуқаро паспорт, ҳайдовчилик гувоҳномаси, солиқ рақами каби 30 дан ортиқ ҳужжатни телефон орқали тақдим эта олади. “Дия” электрон давлат хизмати платформаси орқали 250 га яқин хизмат кўрсатилади: автомобиль сотиш, жаримани текшириш ва тўлаш, бошқа шахсга машинани бошқариш ҳуқуқини бериш, никоҳдан ўтиш ва ажрашиш жараёни ҳам интернет орқали амалга оширилади. Германия билан музокарада айни тажрибани ўрганиш, Украинада самара берган айрим ечимларни ГФР шароитига мослаштириш ва янги электрон хизмат турларини биргаликда ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилган.
Ферчук таъкидлашича, мамлакатда рақамли тизимни Россия ҳужумига бардошли қилиш учун маълумотни турли базада сақлаш, захира нусха яратиш, зарурат туғилганда тизимни бошқа серверга кўчириш имконияти йўлга қўйилган. Энди СИ соҳасидаги шу тажрибани Европа билан бўлишиш мумкин: хорижлик мутахассислар Украинада турли СИ моделлари қай тартибда синовдан ўтказилаётгани, давлат хизматига қандай жорий этилаётганини ўрганади. Мулозим фикрича, бундай ҳамкорлик кўҳна қитъа давлатларига янги технологияни аввал амалда синаб, самарали ва хавфсиз ечимни кейинчалик ўз тизимига жорий этиш имконини беради.
Мусулмон Зиё, ЎзА