ТУРКСОЙнинг навбатдаги йиғилиши Кайсари шаҳрида ўтказилди
Туркиянинг Кайсари шаҳрида ТУРКСОЙ юқори мансабдор шахсларининг 7-йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда ташкилотнинг 2027 йилга мўлжалланган фаолият дастури, туркий дунёнинг атоқли шахслари, маданият ва санъат вакилларининг юбилей саналарини нишонлаш, шунингдек, 2028 йилда «Туркий дунёнинг маданият пойтахти» деб эълон қилинадиган шаҳарни белгилаш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, ТУРКСОЙ фаолияти ва тузилмасини замон талабларига мос равишда такомиллаштириш, ташкилотни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича аъзо давлатлар томонидан илгари сурилган таклифлар атрофлича кўриб чиқилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Халқаро ҳамкорлик ва рейтинглар билан ишлаш бўлими бошлиғи Сарвар Фозилжонов, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорлик бошқармаси бўлим бошлиғи Жасур Ражабов ҳамда Ўзбекистоннинг ТУРКСОЙдаги вакили Шавкат Ортиқов иштирок этди.

Тадбирда, шунингдек, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистоннинг маданият ҳамда ташқи ишлар вазирликлари масъуллари қатнашди.
Йиғилиш доирасида ТУРКСОЙнинг келгуси йилда амалга ошириладиган лойиҳалари билан бир қаторда ташкилот фаолиятини такомиллаштириш бўйича аъзо давлатлар томонидан билдирилган таклифлар ҳам бандма-банд муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, йиғилишда кўриб чиқилган масалалар ва билдирилган таклифлар жорий йил ноябрь ойида Андижон шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги йиғилишда яна бир бор муҳокама қилиниб, ТУРКСОЙга аъзо давлатлар маданият вазирлари иштирокидаги Доимий кенгашнинг 43-мажлиси кун тартибига киритилади.
Таъкидлаш жоизки, Андижон шаҳри 2026 йилда «Туркий дунёнинг маданият пойтахти» мақомига эга. Бу эса мамлакатимизнинг ТУРКСОЙ доирасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликдаги фаол иштирокини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Н.Усмонова, ЎзА