Туркия тиббий муассасаларининг афзаллиги нимада?
Туркия сўнгги йилларда тиббиёт соҳасида улкан натижаларга эришмоқда. Ушбу мамлакатга дунёнинг турли мамлакатларидан аниқ ташҳис олиш ва даволаниш учун келаётган беморлар сони эса йил сайин ортмоқда.
Туркия Халқаро соғлиқни сақлаш хизматлари ташкилоти (USHAŞ) ЎзА мухбирига берган маълумотга кўра, 2024 йил мамлакатга тиббий хизмат олиш мақсадида 1 миллион 506 минг 442 киши, 2025 йил эса 1 миллион 398 минг 580 киши келган. 2026 йил иккинчи чорагида бу кўрсаткич 563 327 нафарга ортган. Ушбу статистика мамлакатга келаётган барча хорижий беморларни қамраб олади.
Шу ўринда “Беморларни Туркияга жалб қилаётган асосий омил нима?” деган савол туғилиши табиий.
Аввало, бу ерда ташҳис қўйиш ва даволаш ягона тизимда ташкил этилган. Касаллик босқичини аниқлаш ва даволаш усулини белгилашда радиология, патология, жарроҳлик, тиббий ва радиацион онкология каби бир неча йўналиш мутахассислари бирга ишлайди.
Масалан, Анқарадаги Доктор Абдураҳмон Юртаслан номидаги Онкология таълим ва тадқиқот шифохонаси расмий маълумотига кўра, биргина кўкрак саратонига ихтисослашган жарроҳлик маркази йилига тахминан минг нафар беморга хизмат кўрсатади. Мажмуанинг радиацион онкология бўлимида “Cyber Knife”, томотерапия, LINAC ва операция вақтидаги радиотерапия каби технологиялар қўлланади.
Истанбулдаги айрим давлат тиббий муассасаларида ҳам замонавий радиотерапия усуллари қўлланмоқда. Жумладан, VMAT, IMRT ва IGRT технологиялари беморнинг ҳолати ва даволаш режасига қараб ишлатилади.
Гулхане таълим ва тадқиқот шифохонаси кўкрак марказида бемор радиология, патологик анатомия, тиббий онкология, радиацион онкология, пластик ва реконструктив жарроҳлик ҳамда ядровий тиббиёт мутахассислари иштирокида текширувдан ўтади. Марказда ташҳис, биопсия, жарроҳлик ва зарур ҳолда реконструктив амалиёт бажарилади.
Айни ёндашувнинг аҳамияти шундаки, саратонни даволаш усули ўсманинг тури, босқичи, биологик хусусияти ва беморнинг умумий аҳволига қараб белгиланади. Шунинг учун кўпчилик Туркияни танламоқда. Аслида шифохона номи ёки мамлакат эмас, балки аниқ ташхис ва шунга мос даволаш режаси ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Ўзбекистонлик беморлар Туркияга мурожаат қилиши соғлиқни сақлаш бўйича шаклланган икки мамлакат ҳамкорлиги ҳам муҳим омил ҳисобланади. Маълумки, 2024-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон – Туркия соғлиқни сақлаш соҳасидаги қўшма ҳаракат режаси доирасида тиббий хизмат ва тиббий туризм масалалари атрофлича муҳокама қилиниб, узвий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Шу йил январь ойида эса соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада ривожлантириш режаси кўриб чиқилди.
Бемор учун географик яқинлик, тиббий жараён билан бир қаторда кундалик мулоқот ва яқинлар билан бирга ҳаракатланиш имконияти ҳам беқиёс аҳамиятга эга. Ўзбекистондан Туркияга бориш эса анча қулай. Истанбул каби йирик шаҳарларда эса турли ихтисосликдаги шифохоналар, малакали мутахассисларни танлаш имконияти кенг.
Яна бир жиҳат бор: Туркия хорижлик беморлар билан ишлаш учун махсус инфратузилма яратган. Бемор ҳужжатини мутахассисга етказиш, даволаш жараёни бўйича батафсил маълумот олиш ва тиббий муассаса билан боғланиш жараёни шу тизим орқали ҳал этилади. Бу бемор учун ташкилий масалани анча енгиллаштиради.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистондан келаётган беморлар учун Туркия илғор тиббий технология, кўп тармоқли мутахассислар ҳамкорлиги, маданий-географик қулайлик ва хорижий пациентларга хизмат кўрсатишнинг ривожланган тизими туфайли жозибали йўналиш бўлиб қолмоқда.
Барибир, ҳар қандай вазиятда энг муҳими шифохона танлаш эмас, балки касалликни вақтида аниқлаб, тўғри ва индивидуал даволаш режасини тузишдир.
Нодира Қаюмова, ЎзА
Туркия