Трамп Олий судда: фуқаролик масаласи ҳал қилувчи босқичга ўтди
Президент Дональд Трамп туғилиш орқали фуқаролик масаласи бўйича муҳокамани шахсан кузатиш учун Олий судга боришини маълум қилди. Бу иш АҚШда иммиграция сиёсатига доир энг баҳсли қарорлардан бирига айланган. Суд муҳокамаси 14-тузатма талқинига бевосита таъсир қилиши мумкин. Яъни, мамлакатда фуқаролик бериш тартиби тубдан ўзгариши эҳтимоли юзага келган.
Фармонига кўра, бола АҚШда туғилган бўлса-да, ота-онаси фуқаро ёки доимий резидент бўлмаса, унга фуқаролик тўғридан-тўғри берилмаслиги мумкин. Мазкур ташаббусни Трамп 2025 йил президентликка қайтган куниёқ илгари сурган. Оқ уй айни чорани ноқонуний миграцияни чеклаш ва хавфсизликни кучайтириш мақсади билан изоҳламоқда. Танқидчилар эса бу қадам Конституцияга зидлигини таъкидламоқда.
Қуйи суд жараённи вақтинча тўхтатиб, лойиҳани 14-тузатмага зид, деб топди. Шунингдек, қарор фуқаролик ҳуқуқини кафолатловчи федерал қонунга ҳам мос эмаслиги айтилган. Инсон ҳуқуқи ҳимоячилари бундай сиёсат, айниқса, муҳожир оилалар орасида қўрқув муҳитини кучайтирганига эътибор қаратган. Улар вазиятни адолатли суд ва инсон ҳуқуқи тамойилига зид, деб баҳоламоқда.
Трамп эса ўз сиёсатини қатъий ҳимоя қиляпти. Унинг айтишича, бу чора ноқонуний кириб келишни камайтириш орқали мамлакат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган. Президент айрим судьяларни қўллаб-қувватлаши, баъзиларини танқид қилишини ҳам яширмади. Хуллас, Олий суднинг навбатдаги қарори АҚШда фуқаролик тушунчасини қайта белгилаб бериши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА