Товламачилик жабрланувчининг ўз жонига қасд қилишига сабаб бўлди
Ҳаётда инсоннинг энг ашаддий душмани бу – унинг нафсидир. Нафс амрига бўйсуниб, охир-оқибат аянчли қисматга гирифтор бўлган кимсалар оз эмас орамизда. Бироқ хом сут эмган одам боласининг кўзи боши деворга урилгандагина очилади.
Афсуски, Шаҳрихон туманида яшовчи Жаҳонгир Анваров, Бекзодбек Аҳмедов, Асадбек Қўчқоралиев, Хусниддин Ғаниев, Расулжон Абдурасулов, Абдулло Маҳаммадов ҳамда ака-ука Олимбек, Омадбек ва Оллоберди Маҳмудовлар бир нечта турдаги оғир жиноятларни содир этишаётганда қилмишларининг оқибатини ҳис қилишмади. Ёки танлаган йўлларининг боши берк эканлигини билишса ҳам ўзларини тўхтатишмаган.
Гап шундаки, ўзини “кўча йигити” дея ҳис қилган Жаҳонгир Анваров ён-атрофига исм-шарифлари тилга олинган ҳамтовоқларини тўплаб, жиноий гуруҳ тузади. Чунки унга зўравонлик, товламачилик, кимнидир “разбор” қилиб, мўмай даромад орттириш каби ишлар ҳузур бағишларди. Аммо мамлакатимизда бундай тоифа инсонлар кўп ўтмай тавбасига таяниб қолаётганини тан олгиси келмади.
Хуллас, 2022 йилнинг куз ойларида Жаҳонгир Бекзод ва Олимбек билан олдиндан тил бириктирган ҳолда фуқаро Э.Одиловга 1,2 тонна қуруқ сут маҳсулотини 33 миллион сўмга насияга сотишади. Яъни пулини 4 ойдан кейин бериш шартига рози бўлишади. Лекин харидорнинг қўли калталик қилиб, маҳсулот пулини вақтида беролмай қолади. Бундан жаҳли чиққан уччовлон 2023 йилнинг кузида Шаҳрихон тумани Қорабўйин маҳалласида жойлашган бинога Э.Одиловни олиб боришади. Бу жой Ж.Анваровга тегишли эди. Ўша ерда улар қарздорнинг озодлигини чеклаб, бир ярим сутка ушлаб туришади. Шу йўл билан унинг 2.500.000 сўмга тенг бўлган 24.000 рубль пули, баҳоси 500 АҚШ доллари қийматидаги “Iphone-12 pro” русумли телефон аппаратини 200 АҚШ доллари ҳисобида, асли 30 миллион сўмлик 2 бош зотдор ҳўкизини 23 миллион сўм баҳосида олиб қўйишади. Сўнгра Э.Одиловни чиқариб юборишади. Бу ҳам етмагандек, ҳозирда қуруқ сут маҳсулотининг нархи кўтарилганини айтиб, қўшимча равишда 17 миллион сўм беришини талаб қилишади. Шунингдек, сўралган пулни бермаган тақдирда зўрлик ишлатиш, тан жароҳати етказиш ва унинг юзини ерга қаратадиган видеотасвирларни ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиш билан таҳдид қилиб, товламачиликка қўл уришади.
Маълум бўлишича, ўша пайтда Жаҳонгир тумандаги сутни қайта ишлаш корхонасига раҳбарлик қилиб келарди. Сал аввалроқ корхонага қарашли “Labo” автомашинасини тоғаси С.Бакировга сотиб, ундан пулларни тўлиқ олганди. Кейинчалик тоғаси “Labo”ни таниши У.Ҳайдаровга 7500 АҚШ долларига сотади. Бироқ кўп ўтмай Жаҳонгир У.Ҳайдаровнинг ўғли О.Фозилов ва корхона хазначиси У.Мамадалиевнинг ўзидан бўлган қарзи эвазига автомашинани тортиб олади. Бу ишни Бекзод ва Олимбекнинг қўли билан амалга оширади. Борди-ю қаршилик қилса, оила-аъзолари ва ўзига зўрлик ишлатиш, тан жароҳати етказиш билан таҳдид қилади. Сўнг автомашинани фуқаро Х.Хусановга 5500 АҚШ долларига сотиб юборади. У.Ҳайдаров эса бу товламачиликдан 51 миллион сўм сўм миқдорида зарар кўриб қолаверади.
Бундан ташқари, Жаҳонгир Анваров 2024 йил август ойида ўзининг яна бир “Labo” русумли автомашинасини фуқаро Х.Сайфуллаевга, “Tracker-2” автомашинасини эса Р.Усмоновга сотади-ю, лекин транспорт воситаларини уларнинг номига нотариал тартибда расмийлаштириб бермайди. Мазкур фирибгарлик Х.Сайфуллаевга 79 миллион 518 минг сўм, Р.Усмоновга 217 миллион 150 минг сўмлик зарар етказади. Ушбу фирибгарликларда Ж.Анваровнинг яна бир таниши Фаҳриёр Қодиров ҳам иштирок этади.
Мана шу воқеалардан бир муддат аввал фуқаро Ж.Тўрақулов қайнотаси И.Дадажонов номидаги бошқа бир “Дамас” автомашинасини Фаҳриёрга сотиб бериш учун қолдирганди. Аммо то машина сотилгунча Ф.Қодиров 4000 АҚШ доллари қарзи эвазига нисбатан янгироқ “Дамас” автомашинасини сотиб олиб, унга бошқариш ҳуқуқи асосида беради. Бунинг учун Фаҳриёр Бекзоддан 4000 доллар қарз кўтарганди. Бироқ...
Бироқ Фаҳриёр яна бошқа олди-бердилар туфайли ҳам Жаҳонгир, Бекзод, Олимбек ва Асадбеклардан катта миқдорда қарз бўлиб қолади. Бинобарин, қарзларини тўлолмай, Қозоғистон Республикасига кетиб юборади. Бундан ғазабланган Б.Аҳмедов, О.Маҳмудов ва А.Қўчқоралиевлар Ж.Тўрақуловдан “Дамас”ни тортиб олишади. Устамонликни қарангки, Бекзод Фаҳриёрга қарз берган пайтда автомашинани сотиш ҳуқуқи билан ўзига ишончнома расмийлаштириб олганди. Лекин Ж.Тўрақулов бундан бехабар бўлган. Оқибатда у 45 миллион 867 минг сўм миқдорида зарар кўриб қолади.
Жиноий гуруҳ фаолиятида Расулжон Абдурасулов, Абдулло Маҳаммадов ҳамда ака-ука Омадбек ва Оллоберди Маҳмудовларнинг қилмишлари бошқаларникига нисбтан енгилроқ. Аниқроғи улар Бекзод Аҳмедов, Олимбек Маҳмудов ва Асадбек Қўчқоралиевларга қўшилиб, турли баҳоналар билан жанжал чиқарган ҳолда туманнинг Янги замон ҳамда Назармахрам маҳаллаларида фуқаролар Э.Исроилов, Ф.Рустамов ва С.Сидиқовларни дўппослашади. Жанжал натижасида уччала жабрланувчига ўртача оғир даражада тан жароҳати етказишади. Худди шундай жиноятни уюшган гуруҳнинг яна бир аъзоси Хусниддин Ғаниев фуқаро А.Маҳмудовга нисбатан содир этади.
Буни қарангки, жиноий гуруҳнинг энг аянчли қилмиши кейин содир бўлади. Аниқланишича, Фаҳриёр Қодиров 2022-2024 йиллардаги автомашина ва бошқа олди-сотдилари натижасида Жаҳонгир, Олимбек, Бекзод ва Хусниддиндан катта миқдорда қарз бўлиб қолади. Шунинг учун О.Маҳмудов ва Х.Ғаниевлар 2024 йил 21 сентябрь куни Қозоғистон Республикасига Ф.Қодировни излаб бориб топишади. Сўнг уни ўзлари билан бирга Шаҳрихонга қайтариб келишади.
-Икки кун ичида икки юз минг доллар топиб бермасанг, ўлдириб юборамиз. Уруғ-аймоғинг мурдангни ҳам тополмайди кейин,-дея мунтазам равишда қўрқитиш, шафқатсизларча муомала қилиш, шаъни ва қадр-қимматини муттасил равишда камситиш орқали таҳдид қилиб, фуқаролик паспортини олиб қўйишади.
Табиийки, Фаҳриёр Қодиров 2 кун муддатда 200.000 АҚШ долларини топиб беролмайди. Бинобарин, у 2024 йил 24 сентябрь куни яшаш уйида ўзини осиб, жонига қасд қилган ҳолда вафот этади.
Шундан сўнг “қаҳрамон”ларимизга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Булоқбоши туман суди эса уларни жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топиб, қонуний жазога маҳкум этди. Суд ҳукмида жабрланувчиларга етказилган моддий зарарларни ундириш ҳам белгиланди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, инсоннинг ҳаёти ва соғлиғига раҳна солиш ёки таҳдид қилиш кечирилмас жиноятдир. Озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган судланувчилар олдиндаги йиллар мобайнида буни теран англаб етишади албатта. Зеро, уларнинг қисмати бошқаларга сабоқ бўлиши лозим.
Нодиржон МИРЗАЖОНОВ,
жиноят ишлари бўйича Булоқбоши
туман судининг раиси