Тошлоқда ёнғин бартараф этилди
Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги "Expo coller print text" МЧЖга қарашли пахта қабул қилиш пунктида содир бўлган ёнғин ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Фавқулодда вазиятлар бўлими маълумотига кўра, ҳодиса пахта ташувчи тракторнинг 380 вольтли электр шитига урилиши ва бунинг натижасида қисқа туташув юзага келиши оқибатида содир бўлган. Ёнғин соат 14:47 да бошланган. Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари ҳодиса жойига тезкорлик билан етиб бориб, соат 15:09 да ёнғинни тўлиқ бартараф этган.
Ҳодиса оқибатида тўпланган пахтанинг фақат устки қисми зарарланган. Пахтанинг асосий қисми ёнғиндан зарар кўрмаган.
Фавқулодда вазиятлар бўлими маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида фуқаролар жабрланмаган, тан жароҳати олганлар қайд этилмаган. Бу хабарни Тошлоқ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати ҳам тасдиқлади.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА