Тошкентда 500 дан ортиқ фуқаронинг кўп йиллик орзуси амалга ошди
Баъзан инсон учун уй шунчаки тўрт девор эмас, балки у йиллар давомида бунёд этилган ҳаёт, оила хотиралари, фарзандлар келажаги ва энг муҳими хотиржамликдир. Аммо узоқ йиллар давомида айрим фуқароларимиз ўзлари яшаб келаётган уй-жойлари, фойдаланиб келаётган ер майдонлари ҳамда бунёд этган бино-иншоотларига нисбатан ҳуқуқларини расмийлаштира олмай, кўп саволлар ва муаммолар билан яшаб келди.
Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонуни ҳаётимизга шунчаки қоғозда эмас, амалда ўзгаришлар олиб келмоқда. Халқчил қонун ижроси орқали йиллар давомида ўз уйига ўзи бегона бўлиб, “Ҳужжатим қачон битар экан?” деб интизор кутган минглаб юртдошларимизнинг хонадонларига қувонч кириб бормоқда.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессиясида Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан амалга оширилган хатлов ишлари натижасига кўра, яна 525 нафар фуқаронинг якка тартибдаги уй-жойлари, улар жойлашган ер участкаларига нисбатан эгалик ҳуқуқлари эътироф этилди. Шу тариқа, пойтахт ҳудудида мазкур Қонун доирасида ҳуқуқлари эътироф этилган фуқаролар сони 927 нафарга етди.
Бу кўрсаткич шунчаки ҳисоботдаги қуруқ рақамлар эмас. Бу — йиллар давомида ҳужжат сабаб сарсон бўлган оилаларнинг хотиржамлиги, рўёбга чиққан орзулари ҳамда кадастр соҳаси фидойиларининг туну кун олиб борган машаққатли меҳнати маҳсули ҳисобланади.

Ушбу қонун фуқароларга ўз уй-жойларига бўлган ҳуқуқларини белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш имконини беради. Шундан сўнг улар уй-жойни олди-сотди қилиш, ҳадя этиш, мерос қолдириш, банк кредитлари учун гаров сифатида расмийлаштириш, мулк билан боғлиқ бошқа ҳуқуқларни қонуний амалга ошириш имкониятига эга бўлади.
Хатлов бу ҳар бир уйнинг, ҳар бир иншоотнинг ҳуқуқий ҳимояси ва келажаги йўлидаги қадам демакдир.
Гулноза Бобоева,ЎзА