Тошкент халқаро молия маркази суд амалиётини қандай ўзгартиради?
2026 йил 13 июлда қабул қилинган «Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида»ги конституциявий қонун Ўзбекистон ҳуқуқий тизимида қандай ўзгаришларни тақозо қилмоқда?
Одил судлов академияси иқтисодий-ҳуқуқий фанлар кафедраси ўқитувчиси Саида Маҳмудова билан шу ҳақда суҳбатлашдик.
– Иқтисодиётда ишонч фақат капитал ҳажми, солиқ имтиёзлари ёки янги молиявий инструментлар билан ўлчанмайди. Йирик сармоя киритаётган инвестор, узоқ муддатли шартнома тузaётган тадбиркор ёки трансчегаравий битимга киришаётган компания учун яна бир савол ҳал қилувчи аҳамиятга эга: агар низо келиб чиқса, уни ким, қайси ҳуқуқ асосида ва қандай процессуал тартибда ҳал қилади?
Бизнес муҳитининг ҳақиқий сифати айнан шу пайтда намоён бўлади. Судлов механизми аниқ бўлса, ҳуқуқий таваккалчилик камаяди.
«Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида»ги конституциявий қонун Ўзбекистон ҳуқуқий тизимида ана шу масалага янгича ёндашувни шакллантирди.
Тошкент халқаро молия маркази фақат молиявий хизматлар кўрсатиладиган ҳудуд эмас, балки махсус ҳуқуқий, тартибга солиш ва институционал механизмларга эга макон бўлади. Унинг марказий бўғинларидан бири – Тошкент халқаро тижорат суди.
Бу институтни «яна бир суд ташкил этилди» деган содда тасаввур билан чеклаш тўғри эмас: гап махсус юрисдикция, алоҳида процессуал қоидалар, арбитраж билан муносабат, таъминлаш чоралари ва суд қарорларини ижро этишни қамраб олган янги тижорат судлов муҳити ҳақида бормоқда.
– Иқтисодий суд ишларини юритиш тизимида янги ҳуқуқий чегаралар қандай бўлади?
– Конституциявий қонуннинг иқтисодий суд амалиёти учун энг муҳим жиҳатларидан бири – Иқтисодий процессуал кодекснинг биринчи моддасига киритилган ўзгартишдир. Унга кўра, махсус ҳуқуқий режим ўрнатилган ҳудудда иқтисодий ишлар кодексда белгиланганидан фарқ қилувчи қоидалар асосида ихтисослаштирилган суд томонидан кўриб чиқилади ва ҳал этилади. Шу тариқа, умумий иқтисодий судлов билан бир қаторда махсус процессуал режим ҳам вужудга келди.
Ташқи кўринишидан ўхшаш икки тижорат низосидан бири умумий иқтисодий судда, иккинчиси эса молия марказининг ҳуқуқий режимига киргани сабаб Тошкент халқаро тижорат судида кўрилиши мумкин.
Шу боис шартнома тузиш босқичидаёқ низонинг қайси ҳуқуқий режимга тегишли бўлиши, қайси суд ваколатли экани ва судлов ҳақидаги келишув қандай ифодаланишига эътибор кучаяди. Янги суд амалдаги иқтисодий судларга рақобатчи эмас, аксинча, уларнинг ваколат соҳаларини аниқ ажратиш ва зарур ҳолларда процессуал ҳамкорлик қилишга асосланган моделга айланади.
– Тошкент халқаро тижорат судининг мақоми ва юрисдикцияси қандай бўлади?
– Конституциявий қонунга кўра, Тошкент халқаро тижорат суди молия марказининг суд органи ҳисобланади ва ўз юрисдикциясига тегишли низоларни ҳал этади.
Суд биринчи инстанция ва апелляция босқичларидан иборат бўлади. Мураккаб тижорат ишлари учун соҳавий тажрибага эга судьялар ва мутахассислар жалб қилинади.
Суд, аввало, молия маркази шахслари ўртасидаги ёки улар иштирокидаги фуқаролик-ҳуқуқий ва меҳнат низоларини, марказ ҳудудида амалга оширилган фаолият ёки шу ҳудуддаги мол-мулк билан боғлиқ низоларни кўради.
Иқтисодий суд амалиёти учун муҳим йўналиш – тўловга қобилиятсизлик ва банкротлик ишлари. Молия маркази иштирокчилари ҳамда унинг ҳудудида яшайдиган жисмоний шахсларга нисбатан бундай ишлар Тошкент халқаро тижорат судининг мутлақ юрисдикциясига киритилган. Бу корпоратив реструктуризация, кредиторлар ҳуқуқи, активларни сақлаш ва трансчегаравий банкротлик бўйича янги суд амалиёти шаклланишига замин яратади.
Яна бир принципиал қоида – тарафлар келишуви асосида низони ушбу судга топшириш имконияти. Тижорат муносабатларида юрисдикция тўғрисидаги шарт оддий техник банд эмас, балки хавфларни бошқариш воситасидир. Низо қаерда ва қайси тартибда кўрилишини олдиндан аниқ белгилаш кейинчалик ваколат масаласидаги қўшимча тортишувларни камайтириши мумкин.
– Суд, арбитраж ва таъминлаш чоралари қандай амалга оширилади?
– Халқаро тижорат муносабатларида низоларнинг катта қисми арбитраж орқали ҳал қилинади. Аммо арбитраж ҳам айрим босқичларда суд кўмагига эҳтиёж сезади.
Конституциявий қонун Тошкент халқаро тижорат судига таъминлаш чораларини қўллаш, арбитрларни тайинлаш ёки рад этиш, юрисдикция масалаларини ҳал қилиш, процессуал кўмак кўрсатиш, арбитраж қарорини бекор қилиш, тан олиш ва ижрога қаратиш билан боғлиқ масалаларни кўриш имкониятини беради.
Шу маънода суд ва арбитраж бир-бирига рақобатчи эмас, балки тижорат низоларини самарали ҳал қилиш учун бир-бирини тўлдирувчи механизмлар сифатида намоён бўлади.
Иқтисодий низоларда вақт ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Суд якуний қарор чиқаргунига қадар актив сотилиши, маблағ бошқа ҳисобвараққа ўтказилиши ёки муҳим далил йўқолиши мумкин. Шунинг учун мол-мулкка хатлов қўйиш, операцияларни вақтинча тўхтатиш, мол-мулкни сақлаш, ахборот ва ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиш каби таъминлаш чоралари суд ҳимоясининг реал самарасини белгилайди. Айниқса, рақамли активлар, қимматли қоғозлар ва тез ҳаракатланувчи капитал билан боғлиқ низоларда бундай ваколатлар алоҳида аҳамият касб этади.
Қонун ижро ишлари, суд топшириқлари, далилларни олиш, таъминлаш чоралари, тўловга қобилиятсизлик ва трансчегаравий низолар бўйича Ўзбекистон ҳамда хорижий давлатлар судлари билан ҳамкорлик қилиш имкониятини белгилаб беради. Низо бир судда кўрилиб, далил ёки актив бошқа ҳудудда жойлашган ҳолатларда айнан шундай процессуал ҳамкорлик суд ҳимоясининг амалий қийматини таъминлайди.
– Қўлланиладиган ҳуқуқ ва судлов тили қандай бўлади?
– Молия марказининг ҳуқуқий моделида энг катта қизиқиш уйғотаётган масалалардан бири қўлланиладиган ҳуқуқдир. Биринчи ўринда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, ундан кейин «Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида»ги конституциявий қонун, унга мувофиқ қабул қилинган Президент ҳужжатлари ва молия марказининг қарорлари туради.
Зарур ҳолларда, миллий конституциявий асосларга зид бўлмаган доирада Англия ва Уэльс умумий ҳуқуқи, унинг принциплари ҳамда адолат ҳуқуқи қоидаларидан фойдаланиш имконияти ҳам назарда тутилган.
Молия марказининг расмий тили инглиз тили этиб белгиланган. Халқаро кредитлар, инвестиция битимлари, акциядорлик келишувлари ва бошқа трансчегаравий ҳужжатларнинг катта қисми айнан инглиз тилида тузилишини ҳисобга олсак, бу ёндашув ҳуқуқий маънони асл профессионал муҳитда сақлашга хизмат қилиши мумкин. Шу билан бирга, маҳаллий ҳуқуқшунослар учун ҳуқуқий инглиз тили, халқаро тижорат ҳуқуқи, молиявий инструментлар ва common law институтларини билиш амалий заруратга айланмоқда.
– Қонундан амалиётга ўтишда мутахассисларга қандай янги талаблар қўйилади? Марказдаги энг муҳим мезон қайси?
– Халқаро тижорат судлови фақат қонун моддаларини билиш эмас, балки банк молиялаштириши, корпоратив бошқарув, капитал бозорлари, реструктуризация, рақамли активлар, электрон далиллар ва трансчегаравий муносабатларнинг иқтисодий мазмунини тушунишни тақозо этади. Шу нуқтаи назардан судьялар ва юридик кадрлар малакасини оширишга ихтисослашган муассасалар олдида янги вазифалар пайдо бўлди.
Конституциявий қонун 2026 йил 25 июлдан кучга кирди. 2026 йил 10 сентябрда қабул қилинган Тошкент халқаро молия маркази фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ташкилий чора-тадбирларга оид Президент фармони эса бу жараёнга амалий мазмун бахш этди.
Молия маркази органлари фаолиятини йўлга қўйиш, биринчи навбатда, қабул қилиниши лозим бўлган қарорларни ишлаб чиқиш ва суд институтини шакллантиришга доир чоралар белгиланди.
Тошкент халқаро молия марказининг муваффақияти нафақат жалб қилинган инвестиция ёки рўйхатдан ўтган компаниялар сони, балки муҳим капитал – ишончга боғлиқ. Бу эса қонуннинг барқарорлиги, суднинг мустақиллиги, процесснинг адолатлилиги, суд амалиётининг изчиллиги ва қарорнинг реал ижроси орқали шаклланади.
Ўзбекистон иқтисодий судлови нуқтаи назаридан бу жараён миллий иқтисодий судлар тизими билан бир қаторда халқаро тижорат муносабатларига мослаштирилган махсус судлов муҳити шаклланаётганини англатади. Улар бир-бирини инкор этмайди, аксинча, ҳуқуқий аниқлик, процессуал самарадорлик ва суд ҳимоясининг реаллигини таъминлашдек умумий мақсадга хизмат қилади.
ЎзА мухбири
Норгул Абдураимова
суҳбатлашди.