Тошкент вилояти – Тяньцзинь: ҳамкорликнинг янги манзили
Бугун ҳудудлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш, инвестицияларни жалб этиш ва саноат кооперациясини ривожлантириш халқаро иқтисодий ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда. Шу маънода, Тошкент вилояти делегациясининг Хитой Халқ Республикасидаги амалий ташрифи доирасида Тяньцзинь шаҳрида ўтказилган бизнес-форум янги иқтисодий ташаббусларни илгари суриш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.
Ўзбекистон ва Хитойнинг расмий доиралари, йирик компаниялари, инвесторлари ҳамда ишбилармонлари иштирок этган тадбирда икки мамлакатдан 300 дан ортиқ тадбиркор иштирок этди. Форумда Тошкент вилоятининг инвестициявий ва экспорт салоҳияти, саноат имкониятлари, ишлаб чиқариш базаси, транспорт-логистика салоҳияти ҳамда хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар кенг тақдим этилди.

Тадбирда сўзга чиққан Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик сўнгги йилларда изчил мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади.
Дарҳақиқат, икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари тобора амалий мазмун касб этмоқда. Давлат раҳбарлари ўртасидаги мунтазам ва очиқ мулоқот савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш билан бирга, ҳудудлар ва бизнес субъектлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни ривожлантириш учун ҳам кенг имкониятлар яратмоқда.
Тяньцзиньдаги бизнес-форум ана шу имкониятларни аниқ лойиҳалар ва янги ташаббуслар билан бойитишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Форумда Тошкент вилоятининг саноат салоҳияти, мавжуд ишлаб чиқариш базаси, инвестициявий имкониятлари ва экспорт йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, Тошкент вилоятининг транспорт-логистика имкониятлари ва инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар тақдим этилди. Бу эса Хитой компаниялари билан янги лойиҳаларни шакллантириш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва янги бозорларга чиқиш имкониятларини муҳокама қилиш учун асос бўлди.

Форум доирасида Тяньцзинь шаҳрининг йирик компаниялари ва ишбилармон доиралари билан G2B ва B2B шаклларида учрашувлар ўтказилди. Музокараларда саноат, инвестиция, транспорт-логистика, мебель ишлаб чиқариш ва замонавий қурилиш соҳаларида ҳамкорликнинг янги йўналишлари муҳокама қилинди.
Учрашувлар давомида томонлар саноат кооперациясини кенгайтириш, инвестициявий лойиҳаларни кўпайтириш, савдо ҳажмини ошириш, илғор технологияларни жалб этиш ва тажриба алмашинувини кучайтиришга қизиқиш билдирди.

Бизнес-форумнинг муҳим натижаларидан бири учрашувлар якунида 3 та муҳим ҳужжат имзоланганидир. Мазкур келишувлар Тошкент вилояти ва Тяньцзинь ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва саноат кооперациясини ривожлантириш учун амалий асос бўлиб хизмат қилади.
Тадбир доирасида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ҳамда Тяньцзинь шаҳри Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши раиси ўринбосари, Уцзинь тумани қўмитаси котиби Лю Хуэй ўртасида ҳам учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқотда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланаётгани, савдо-иқтисодий алоқалар, инвестициялар, саноат кооперацияси, инновациялар ва замонавий технологиялар соҳаларида ҳамкорлик кўлами кенгайиб бораётгани қайд этилди.
Айниқса, Тошкент вилояти ва Тяньцзинь шаҳри ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлаш, мавжуд иқтисодий салоҳиятдан самарали фойдаланиш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига урғу берилди.

Тяньцзиньдаги мулоқотлар шуни кўрсатдики, бугунги ҳамкорлик фақат музокаралар билан чекланиб қолмаяпти. У аниқ келишувлар, инвестициявий ташаббуслар ва янги қўшма лойиҳалар билан тобора амалий мазмун касб этмоқда. Бу эса Тошкент вилоятининг Хитой ҳудудлари билан иқтисодий алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш, инвестицияларни кўпайтириш ва саноат кооперациясини янада чуқурлаштиришда муҳим омил бўлади.
А.Мусаев, ЎзА