Тошкент ҳавоси нега ифлосланади: чанг қаердан келяпти ва қишда вазият қандай бўлади?
Сўнгги вақтларда пойтахт ҳавосининг ифлосланиши ҳақидаги хабарларга тез-тез кўзимиз тушади. Айниқса, куз келиши билан Тошкент ҳавосининг ифлосланиши яна долзарб масалага айланади.
Совуқ тушиши, шамолнинг сусайиши, иситиш мавсуми ва чўллардан кўтариладиган чанг ҳаво сифатига таъсир кўрсатади. Бироқ, 2026 йилнинг дастлабки ўн ойида қайд этилган кўрсаткичлар ўтган йилга нисбатан ижобий ўзгариш борлигини кўрсатмоқда.
Хўш, бу йил ҳаво нима ҳисобига тозаланди ва қишда бизни қандай манзара кутмоқда?
Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида кузги мавсумда атмосфера ҳавоси ифлосланишининг сабаблари ва кўрилаётган чоралар юзасидан брифинг бўлиб ўтди. Унда “Green University” ҳузуридаги Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти директори Дониёр Турғунов муҳим маълумотларни тақдим этди.
Ҳаво ифлосланиши ҳақида гап кетганда, кўпчилик биринчи навбатда автомобиллар ва заводларни эслайди. Аммо Тошкентда PM2.5 майда заррачаларининг энг йирик ягона манбаи — табиий чанг. Мутахассисга кўра, ҳавонинг ифлосланиши фақат чиқиндилар қанча миқдорда чиқарилаётганига эмас, балки об-ҳаво шароитига ҳам боғлиқ. Бироқ, бу ҳолат инсон фаолияти натижасида пайдо бўлаётган ифлосланишни камайтириш заруратини асло бекор қилмайди.
Кузда ҳаво совийди, кунлар қисқаради, кечалари ер юзаси тезроқ совийди. Айни шу жараён атмосферада ҳарорат инверсияси деб аталадиган ҳолатни юзага келтириши мумкин. Бунда илиқ ҳаво қатлами совуқ ҳавони ерга яқин ҳудудда ушлаб қолади. Натижада транспорт, саноат ва бошқа манбалардан чиқадиган ифлослантирувчи моддалар юқорига тарқалмай, шаҳар устида тўпланади. Ёзда ҳаво аралашадиган қатлам баландлиги 2–3 километргача етса, кузда у бир неча юз метргача пасайиши мумкин. Шамол ҳам сусайса, ифлосланишнинг тарқалиши янада қийинлашади.
Марказий Осиё йирик чанг минтақасида жойлашган. Қизилқум, Оролқум, Каспийбўйи ҳудудлари ва бошқа чўллардан кўтарилган чанг ҳаво оқимлари орқали кенг ҳудудларга тарқалади. Сентябрь ва октябрь ойларида ёғингарчилик кам бўлиши ҳам тупроқ чанги ҳавога осон кўтарилишига шароит яратади. Жаҳон банкининг 2025 йилги ҳисоботига кўра, Марказий Осиё шаҳарларида тупроқ ва чўл чанги PM2.5 таъсирининг йиллик ҳисобда 20–50 фоизини ташкил қилиши мумкин. Бу эса ҳаво сифати муаммосига фақат шаҳар ичидаги манбалар нуқтаи назаридан қараш етарли эмаслигини кўрсатади.
Тошкентнинг Юнусобод, Олмазор ва Мирзо Улуғбек туманларида йиғилган PM2.5 намуналарининг кимёвий таркиби махсус лабораторияда ўрганилган. 2026 йил 28 сентябрдан 6 октябргача бўлган даврда табиий чанг билан боғлиқ компонентлар ифлосланиш манбалари таркибида 52–78 фоизни, ўртача ҳисобда эса 64 фоизни ташкил этган. 13–14 октябрь кунлари бу кўрсаткич 47–52 фоиз бўлган. Бу натижалар кузги даврда табиий чангнинг ҳаво сифатига сезиларли таъсир кўрсатаётганини тасдиқлайди. Шу билан бирга, биноларни иситиш, транспорт ва саноат чиқиндилари ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак. Зеро, табиий чангни тўлиқ назорат қилиш қийин бўлса-да, инсон фаолияти билан боғлиқ ифлосланишни камайтириш мумкин.
2026 йилнинг 1 январидан 19 октябригача Тошкентдаги автоматик мониторинг станциялари маълумотларига кўра, ўртача PM2.5 миқдори ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 28 фоизга, PM10 эса 32 фоизга камайган. Куздаги кўрсаткичлар ҳам эътиборга молик. 1 сентябрдан 19 октябргача PM2.5 миқдори 28 фоизга, PM10 эса 37 фоизга пасайган. Октябрь ойининг дастлабки 19 кунида бу фарқ мос равишда 40 ва 56 фоизни ташкил этган. Яна бир муҳим жиҳат: ўтган йилнинг шу даврида ҳаво сифати индекси — AQI бўйича 11 кун “зарарли” даража қайд этилган бўлса, жорий йилда бундай кунлар кузатилмаган. PM2.5 бўйича “ўртача” ва ундан яхши ҳаво сифати қайд этилган кунлар сони 21 тадан 38 тага кўпайган. Бу рақамлар ижобий ўзгаришни кўрсатади. Аммо уларни ҳаво муаммоси тўлиқ ҳал бўлди, деган хулоса билан тенглаштириб бўлмайди. Кўрсаткичлар муайян даврдаги ўртача ҳолатни ифодалайди, айрим кунлар ёки соатларда ифлосланиш кескин кўтарилиши эҳтимоли сақланиб қолади.
Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш мақсадида бир қатор ташкилий ва амалий чоралар белгиланган. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 24 ноябрдаги тегишли фармони асосида махсус комиссия тузилган. Йирик қурилиш майдонларида текширувлар ўтказилиб, чангни камайтириш учун сув пуркагичлар, транспорт ғилдиракларини ювиш мосламалари ва ҳаво мониторинги станцияларини жорий этиш талаблари белгиланган. Иссиқхона хўжаликларини илғор “яшил” технологиялар асосида ривожлантиришга қаратилган ҳужжатлар ҳам қабул қилинган. Шунингдек, “Air Monitoring Uzbekistan” тармоғи ва ҳавонинг юқори даражада ифлосланиши ҳақида эрта огоҳлантириш тизими яратилган.
2026–2030 йилларга мўлжалланган “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳасида атмосферага чиқариладиган ифлослантирувчи моддаларни 10,5 фоизга, транспорт чиқиндиларини эса 10 фоизга камайтириш вазифалари белгиланган. Тошкентда PM2.5 меъёридан ошган кунлар сонини 2030 йилгача 35 фоизга қисқартириш ҳам кўзда тутилган. Бироқ белгиланган мақсадларнинг самараси, аввало, чораларнинг амалда қандай бажарилиши, чиқиндилар қанчалик камайиши ва мониторинг натижаларида қандай акс этиши билан баҳоланади.
Қисқа муддатли прогнозга кўра, 21–22 октябрь кунлари Тошкентда PM2.5 заррачаларининг суткалик ўртача миқдори 37 микрограмм/м³ атрофида бўлиши кутилган. Ўтган йилнинг айнан шу кунларида 91 ва 77 микрограмм/м³ кўрсаткичлари қайд этилган. Демак, прогноздаги жорий кўрсаткич ўтган йилги натижалардан қарийб икки баравар паст. Шунга қарамай, кечки ва тунги соатларда ифлосланишнинг қисқа муддатли кўтарилишлари кузатилиши мумкин.
Мавсумий прогнозда ҳам нисбатан ижобий кутилмалар бор. 2026–2027 йиллар куз-қиш мавсумида ҳаво сифати ўтган мавсумга нисбатан яхшироқ бўлиши тахмин қилинмоқда. Бунга йил бошидан бери қайд этилган пасайиш, амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва ёғингарчилик шароити таъсир қилиши мумкин. Бироқ мавсумий прогноз қатъий кафолат эмас. Кучли ҳарорат инверсияси, шамолсиз кунлар ва иситиш мавсумидаги чиқиндилар туфайли ҳаво сифати вақтинча ёмонлашиши эҳтимоли бор. Шунинг учун прогнозлар мунтазам янгиланиб борилиши муҳим.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА