Тошкент давлат тиббиёт университети олимларининг Индонезиядаги илмий-академик муваффақияти
Мамлакатимизда тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш, таълим ва фан интеграциясини кучайтириш ҳамда халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар ўз мевасини бермоқда.
Жумладан, етакчи олий таълим муассасаларимизнинг профессор-ўқитувчилари томонидан хорижий нуфузли университетлар ва клиникаларда хизмат сафарларини амалга ошириш, халқаро миқёсда маърузалар қилиш анъанага айланиб бормоқда. Бу каби ташаббуслар нафақат миллий тиббиёт мактабимиз салоҳиятини намоён этади, балки бўлажак шифокорлар тайёрлаш жараёнига илғор хорижий тажрибаларни жорий этишда муҳим кўприк вазифасини ўтайди.
Тошкент давлат тиббиёт университети Юз-жағ жарроҳлиги ва стоматология кафедраси доценти, тиббиёт фанлари доктори (DSc) Шоҳрух Юсупов Индонезиянинг нуфузли Universitas Muhammadiyah Yogyakarta (UMY) университети томонидан махсус таклиф этилиб, мазкур давлатда халқаро меҳмон маърузачи сифатида иштирок этди.
RS PKU Muhammadiyah Gamping клиникасида ташкил этилган академик тадбир иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Унда талабалар, шунингдек, етакчи мутахассислар иштирок этди. Мазкур муҳим илмий-амалий учрашув UMYнинг Тиббиёт ва соғлиқни сақлаш фанлари факультети, Тиббиёт мактаби ҳамда Тиббий касб дастурининг яқин ҳамкорлигида юқори савияда ўтказилди.
Машғулотнинг асосий мавзуси долзарб ва мураккаб йўналишлардан бири — “Юз-жағ травмаларида клиник қарор қабул қилиш: дастлабки баҳолаш, шошилинч барқарорлаштириш ва хавфсиз йўлланма” деб номланди. Учрашув давомида юз-жағ соҳаси ва орбита жароҳатларининг ўзига хос анатомик хусусиятлари, беморни тиббий жиҳатдан комплекс баҳолаш, замонавий диагностика усуллари, шунингдек, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш жараёнидаги муҳим ёндашувлар чуқур муҳокама қилинди. Хусусан, назарий билимларни реал клиник амалиёт билан узвий боғлаш, мураккаб жароҳатланган беморларда тўғри ва тезкор қарор қабул қилиш, шунингдек, беморни ихтисослашган мутахассисга ўз вақтида ҳамда хавфсиз йўналтириш механизмларига алоҳида урғу берилди.
Мазкур халқаро академик майдондаги иштирок Ўзбекистон тиббиёт таълими ва илм-фани вакилларининг хорижий илмий марказлар билан алоқаларини янада кенгайтираётганини кўрсатади. Бу каби лойиҳалар илғор клиник тажрибаларни ўзаро алмашиш, жаҳон стандартларига мос келадиган замонавий тиббий таълим усулларини оммалаштириш ҳамда миллий кадрлар салоҳиятини янада юксалтириш йўлидаги улкан қадамдир. Шу билан бирга, бундай халқаро маърузалар Тошкент давлат тиббиёт университети профессор-ўқитувчиларининг илмий-педагогик салоҳиятини жаҳон миқёсида яққол намоён этиб, олийгоҳнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда.
Моҳигул Қосимова, ЎзА