Токиода Мустақиллик: Ўзбекистон-Япония дўстлиги мустаҳкамланди
Токиодаги нуфузли New Otani меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллик юбилейи муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда Япония давлат ва жамоатчилик доираларининг юқори мартабали вакиллари, йирик компаниялар раҳбарлари, мамлакатимизнинг Япониядаги ватандошлари, Ўзбекистондан ташриф буюрган меҳмонлар, санъаткорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Элчихонамиз томонидан ўтказилган маросим давомида Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги дўстона ва стратегик муносабатлар, халқларимиз ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ҳамкорлик алоқалари алоҳида таъкидланди.
Байрам дастуридан миллий мусиқа ва санъат намуналари, Ўзбекистон маданияти ва анъаналарини акс эттирувчи чиқишлар ҳамда самимий учрашувлар ўрин олди.
Бугун Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллик шодиёнаси дунёнинг турли мамлакатларида кенг нишонланмоқда. Узоқ Токио шаҳрида ҳам ушбу қутлуғ сана ватандошларимиз ва Ўзбекистон билан дўстона алоқаларни қадрлайдиган япон ҳамкорларимизни бир даврага жамлади.
Бу тантаналар — Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларидаги тараққиёти, миллий қадриятлари ва халқаро ҳамжамиятдаги тобора мустаҳкамланиб бораётган алоқаларининг ёрқин ифодасидир.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА