“Times Kuwait”: Ислом цивилизацияси маркази – музейдан кенгроқ маъно касб этган илмий-маърифий макон
Жаҳон матбуоти Ўзбекистон ҳақида
Кувайтда нашр этиладиган инглиз тилидаги “Times Kuwait” ҳафталик газетасида Ўзбекистонда буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирлар кенг ёритилди.
Бир мақолада Амир Темур нафақат ҳарбий маҳорат соҳасида, балки давлат бошқаруви, илм-фан ва маданиятни қўллаб-қувватлашда ҳам жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган шахслиги эътироф этилган.
– У XIV-XV асрлардаги мураккаб сиёсий вазиятда турли ҳудудларни бирлаштириб, марказлашган ва барқарор давлат тизимини барпо этган, – дейилади материалда.
Муаллиф қайд этишича, соҳибқирон даврида дипломатияга алоҳида эътибор қаратилган. У Европа давлатлари, жумладан Франция, Англия ва Кастилия билан мустаҳкам алоқа ўрнатган. Хусусан, 1404 йил Самарқандга ташриф буюрган испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихо ўз хотираларида шаҳарнинг тараққий этган инфратузилмаси, юксак маданий муҳити ва хорижлик меҳмонларга кўрсатилган эҳтиромни алоҳида таъкидлаган.
Нашр ўқувчиларга бугунги кунда Темурийлар мероси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида замонавий ва инновацион ёндашув асосида тақдим этилаётганини тушунтирган. Яъни, марказда ноёб қўлёзмалар, тарихий ҳужжатлар, қурол-аслаҳа намуналари, миниатюра ва интер фаол экспозициялар орқали Темурийлар даври бой тарихи кенг ёритилгани айтилган.
– Муҳими, Ислом цивилизацияси маркази фақат музей вазифасини бажариб қолмай, балки илмий тадқиқот, таълим ва маърифий фаолиятни қамраб олган замонавий платформа сифатида фаолият юритмоқда, – дейилган мақолада. – Мажмуа тарихий меросни чуқур ўрганиш ва келажак авлодларга етказишда муҳим ўрин тутади.
Қайд этилишича, марказ ислом цивилизациясининг Биринчи ва Иккинчи уйғониш даврларидаги ютуқларни тадқиқ этиш ҳамда бугунги “Учинчи ренессанс” ғоясини илмий жиҳатдан ривожлантиришга хизмат қилувчи интеллектуал кўприк сифатида намоён бўлмоқда.
Б.Худойбердиев, ЎзА