Тиббиётда рақамли технологиялар: вазир ахбороти эшитилади
Бугун парламент қуйи палатаси мажлисида соғлиқни сақлаш вазири Э.Адиловнинг “Тиббиёт соҳасида рақамли технологияларни кенг жорий қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими тўғрисида”ги ахборотини эшитиш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида тизимда 20 дан ортиқ функционал модуль ва рақамли хизмат жорий этилган. Бунинг самарасида 4 мингта давлат тиббиёт ташкилоти, 6 мингта хусусий клиника, 11 мингта дорихона ҳамда 38 миллиондан ортиқ фуқаро рақамли тизимлар билан қамраб олинган. Шунингдек, 44 миллиондан ортиқ лаборатория таҳлили рақамли шаклга ўтказилган.
Тиббиёт муассасаларининг рақамли инфратузилмасини мустаҳкамлаш мақсадида эса 96 минг 301 дона компьютер ва 43 минг 520 дона планшет харид қилинган. Бу тиббий маълумотларни тезкор қайта ишлаш, сақлаш ва улардан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтирмоқда.
Тиббиёт соҳасига сунъий интеллект технологияларининг жорий этиб борилаётгани натижасида AI TOP3-CDSS тизими орқали 6 мингдан ортиқ ҳолат таҳлил қилинган бўлса, AI Med-STT ёрдамида шифокорлар ва беморлар ўртасидаги 2,5 мингдан зиёд мулоқот автоматик равишда матн кўринишига келтирилган.
2026 йил якунига қадар кардиология, маммология, гепатология, офталмология, ретинология ва гематология йўналишларида сунъий интеллект тизимларини тўлиқ ҳамда пилот режимида ишга тушириш белгиланган. 2027 йилда эса мазкур технологияларнинг қўлланиш доирасини янада кенгайтириш режалаштирилган.
Соҳада амалга оширилаётган ишларга қарамай, айрим тиббиёт муассасаларида замонавий компьютер техникаси билан таъминлаш борасида муаммолар сақланиб қолмоқда. Шунингдек, мавжуд ахборот тизимлари ва платформаларни ўзаро интеграция қилиш ишлари ҳам тўлиқ якунланмаган. Бу эса тиббий хизматларни рақамлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш, мавжуд инфратузилмани такомиллаштириш ва ахборот тизимлари ўртасидаги узвийликни таъминлаш зарурлигини кўрсатади.
Мажлисда шундан келиб чиқиб, ушбу масала юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирининг ахборотини эшитиш ҳақида тегишли қарор қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА