Тиббиёт хабарлари
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, молиялаштиришнинг янги механизмларини жорий этиш орқали аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифати ва кўламини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳим ўрин тутмоқда.
Масъул идораларнинг маълумотларига кўра, 2021-2026 йиллар давомида давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилган ҳудудларда жами 6 миллион 730 минг нафардан кўпроқ бемор соғломлаштирилди. Ушбу йўналишдаги тиббий хизматларни сифатли ташкил этиш ва моддий-техник базани мустаҳкамлаш мақсадида 26,8 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган.
Шу билан бирга, жорий йилда ҳам инсон саломатлигини асраш борасидаги кўлам кенгайиб бормоқда. Хусусан, 2026 йилнинг дастлабки олти ойи давомида 2 миллион 363 минг нафардан зиёд бемор даволаниб, уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилди ва бу мақсадлар учун 9,86 триллион сўм маблағ сарфланди.
***
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ходимлари Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида "CPHI Shenzhen-2026" халқаро фармацевтика кўргазмасида иштирок этмоқда.
Кўргазма доирасида Хитой ва бошқа давлатларнинг фармацевтика компаниялари, ишлаб чиқарувчилари ҳамда соҳа вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, маҳаллийлаштириш, технологиялар трансфери, қўшма корхоналар ташкил этиш, янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш ва илмий-тадқиқот соҳасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинаётир.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг фармацевтика соҳасидаги инвестициявий имкониятлари халқаро компанияларга тақдим этилмоқда, истиқболли лойиҳаларни амалий босқичга олиб чиқиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
"CPHI Shenzhen-2026" Ўзбекистон ва Хитой ўртасида фармацевтика соҳасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда янги инвестициявий лойиҳаларни шакллантириш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилмоқда.
***
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан инфаркт ва инсультнинг олдини олиш, юрак-қон томир касалликларини эрта аниқлаш ҳамда эрта ўлим ҳолатларини камайтиришга қаратилган кенг кўламли «Саломатлик марафони» Наманган вилоятида юқори савияда ўтказилди.
Мазкур марафон доирасида Миллий тиббиёт марказининг рентген-эндоваскуляр бўлими шифокорлари жойларга чиққан ҳолда аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатди ҳамда юрак-қон томир патологияларини эрта босқичда аниқлаш ва даволаш жараёнларида фаол иштирок этди.
Маълумотларга кўра, марафон давомида вилоят бўйича 5 минг нафардан зиёд фуқаро чуқурлаштирилган тиббий кўрик ва замонавий диагностик текширувлардан ўтказилди. Хусусан, Торақўрғон туманида ўтказилган текширувларда 500 нафардан ортиқ фуқаронинг саломатлиги баҳоланди. Текширувлар натижасига кўра, юрак-қон томир тизимида жиддий ўзгаришлар аниқланган 40 нафар бемор стентлаш амалиётига, 20 нафар бемор эса аорта коарктацияси бўйича юқори технологик жарроҳлик амалиётига йўналтирилди.
Мазкур тадбирнинг энг муҳим ва инсонпарвар жиҳатларидан бири — ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари, жумладан, ижтимоий дафтарлар рўйхатидаги фуқаролар, кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун барча турдаги тиббий кўриклар ва мураккаб диагностик текширувлар бепул амалга оширилгани бўлди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, асосий мақсад — касалликни ўз вақтида аниқлаш, беморга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш ва энг муҳими, инсон ҳаётини сақлаб қолишдан иборат бўлди. Миллий тиббиёт маркази мутахассислари иштирокидаги бундай сайёр тиббий кўриклар ҳудудлардаги аҳолига юқори технологик ва замонавий тиббий хизматларни бевосита яшаш жойларининг ўзида етказиб бериш имконини берди.
М.Қосимова, ЎзА