Тиббиёт муассасаларидаги қурилмалар қанчалик ишончли ва хавфсиз ишлайди?
Тиббиёт амалиётида қўлланиладиган ўлчаш воситаларининг соз ва аниқ ишлаши беморнинг ҳолатини тўғри баҳолаш, ташхисни аниқлаштириш ҳамда даволаш жараёнини самарали ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис тиббиёт муассасаларида метрологик назоратни мунтазам олиб бориш ва мавжуд камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш муҳим вазифалардандир.
Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятидаги тиббиёт муассасаларида ўлчаш воситаларидан тўғри фойдаланиш, уларнинг техник ва метрологик ҳолатини назорат қилиш ҳамда тиббий хизматлар сифатини таъминлашга қаратилган амалий ишлар олиб борилди. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё ва Беруний туманлари ҳамда Хоразм вилоятининг Гурлан тумани тиббиёт бирлашмаларида тиббиёт соҳаси мутахассислари билан учрашув ва тушунтириш ишлари ташкил этилди.
Тадбирлар давомида тиббиёт муассасаларида фойдаланилаётган ўлчаш воситаларидан белгиланган тартиб ва талабларга мувофиқ фойдаланиш, уларнинг метрологик ҳолатини мунтазам назорат қилиб бориш ҳамда ўлчаш натижаларининг аниқлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 313-сонли буйруғи талаблари юзасидан мутахассисларга батафсил маълумотлар берилиб, ўлчаш воситаларидан фойдаланишда риоя этилиши лозим бўлган талаблар бўйича зарур тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Амалий жараёнларнинг яна бир муҳим йўналиши тиббий қурилмаларнинг метрологик ҳолатини ўрганишдан иборат бўлди. Метрология хизмати мутахассислари томонидан беморларни текшириш, ташхис қўйиш ва даволаш жараёнларида қўлланиладиган тиббий қурилмалар кўрикдан ўтказилиб, уларнинг кўрсаткичлари махсус синовлар орқали текширилди. Тиббий қурилмаларнинг белгиланган метрологик талабларга мувофиқлиги, ўлчаш натижаларининг аниқлиги ва ишончлилиги ҳамда улардан фойдаланиш шартларига риоя этилиши бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Мазкур амалий ишлар тиббиёт муассасаларида ўлчаш воситаларидан фойдаланиш маданиятини ошириш, метрологик назоратни кучайтириш ҳамда тиббий қурилмаларнинг ишончли ва хавфсиз ишлашини таъминлашга хизмат қилади.
М.Қосимова, ЎзА