Тиббий хизмат: аҳоли саломатлиги доимий эътиборда
Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар учун Амударё туман тиббиёт бирлашмасига пресс-тур ва матбуот анжумани ташкил этилди.
Тадбир иштирокчилари дастлаб туман марказидан 16 километр узоқликда жойлашган “Уйшин” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Уйшин” оилавий шифокорлик пункти фаолияти билан танишди. Мазкур оилавий поликлиника мудири Рустем Қидирбаевнинг таъкидлашича, мазкур даволаш муассасаси шу ҳудудда таваллуд топган, ҳозирда Тошкент шаҳрида яшовчи тадбиркор Каримбой Камаловнинг холисона ажратган маблағи ҳисобидан 2025 йилда бунёд этилган.
[gallery-31422]
Маскан 50 қатнов қувватига эга бўлиб, ҳозирда ҳудуд аҳолисига хизмат кўрсатиб келмоқда. Муассасада тиббиёт ходимлари учун барча қулай шароитлар яратилиб, зарур асбоб-ускуналар ва дори-дармонлар билан таъминланган. Хусусан, бу ерга стоматология, ЭКГ, физиотерапия бўйича замонавий ускуналар ўрнатилган. Беморларнинг даволаниши учун эса, кундузги стационар бўлими ишлаб турибди.
Шундан сўнг пресс-тур иштирокчилари "103" тез тиббий ёрдам хизмати фаолияти, бирламчи тиббий-санитария хизмати, тиббиёт соҳасини рақамлаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Тадбир якунида тиббиёт бирлашмаси раҳбарияти ва масъул ходимлари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Шуҳрат Жуманиязов ҳудудда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўлида қилинаётган ишлар ҳақида сўз юритди.
Қайд этилганидек, Амударё туман тиббиёт бирлашмаси таркибида 421 ўринга эга туман марказий шифохонаси, 1 минг 455 қувватга эга бўлган амбулатор-поликлиника муассасаси, 1 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 9 та оилавий поликлиника ва 4 та оилавий шифокор пункти ҳамда 11 та маҳалла тиббиёт пункти) фаолият юритмоқда. Бирлашмада 311 нафар шифокор, 1 минг 375 нафар ўрта тиббиёт ходими аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Аҳамиятли жиҳати шундаки, шифокорларнинг 151 нафари, яъни 75 фоизи олий тоифали бўлиб, бу хизмат кўрсатиш сифатининг юқори бўлишида алоҳида ўрин тутмоқда.
Ҳисобот даврида 14 минг 273 нафар бемор стационар шароитда даволанган. Шунингдек, 1 минг 504 та жарроҳлик амалиёти, шундан 170 та юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Бундан ташқари, 141 минг 660 нафар аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, 48 минг 534 нафар бемор аниқланган ва уларнинг барчаси соғломлаштирилган.
Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар туман тиббиёт бирлашмасида амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар ҳамда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари