Тезкор ва шаффоф: раҳбар кадрларни баҳолашнинг янги тизими йўлга қўйилди
Мамлакатимизда давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ва раҳбар кадрлар салоҳиятини ошириш йўлида яна бир муҳим қадам ташланди. Оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилган пресс-турда иштирокчилар Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази фаолияти билан яқиндан танишди. Ушбу марказ Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, асосий вазифаси – давлат фуқаролик хизматида раҳбар кадрларни танлаш, баҳолаш ва ривожлантиришда замонавий механизмларни жорий этишга қаратилган.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги масъул ходимлари, вазирлик ва идоралар вакиллари ҳам иштирок этди.
Таъкидланганидек, сунъий интеллект ва замонавий рақамлаштириш технологияларидан оқилона фойдаланиш натижасида кадрларни комплекс баҳолаш тизими сезиларли даражада такомиллаштирилди. Хусусан, илгари ушбу жараён ўртача 7 соатдан ортиқ вақт талаб этган бўлса, ҳозирги кунда 4,5 дақиқа ичида амалга оширилмоқда. Бу эса баҳолаш жараёнининг тезкорлиги ва самарадорлигини сезиларли даражада оширишга хизмат қилди.
[gallery-28546]
Мазкур ижобий натижалар Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази томонидан жорий этилган “Assessment Pro” замонавий рақамли платформасининг самарали қўлланилаётгани билан изоҳланади. Ушбу платформа раҳбар ва мутахассис кадрларни билим, кўникма ва компетенциялар асосида комплекс баҳолашни автоматлаштириб, тестлар, кейслар ва бошқа баҳолаш воситалари орқали натижаларни чуқур таҳлил қилиш, аниқ рейтинг ва ҳисоботларни шакллантириш ҳамда ҳар бир ходим учун индивидуал ривожланиш йўналишларини белгилаб бериш имконини яратмоқда. Натижада баҳолаш жараёни тезлашади, инсон омили камайиб, шаффофлик таъминланмоқда ҳамда кадрларни самарали баҳолаш тизими изчил йўлга қўйилмоқда.
Жорий йилнинг биринчи чорагида, марказ томонидан 289 нафар раҳбар кадр янги тизим асосида баҳоланди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида Туризм қўмитаси ҳамда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ходимлари ҳам тўлиқ баҳолаш жараёнидан ўтказилди.
Қайд этилишича, кадрлар салоҳиятини ошириш ва тизимли баҳолаш механизмларини кенг жорий этиш мақсадида марказ томонидан жорий йил давомида бир қатор йирик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Жумладан, республика вазирлик ва қўмиталарининг стратегик режалаштириш йўналишидаги раҳбар маслаҳатчилари, “Ўзбекнефтгаз” тизимида ходимлар, Фарғона вилояти давлат ташкилотларида коррупциявий хавфларни баҳолаш бўйича респондентлар, банк ходимлари, авиация акциядорлик жамияти ходимлари, Тошкент шаҳрида жойлашган давлат олий таълим муассасалари раҳбар-ходимлари, шунингдек, суғурта ташкилоти ходимларини комплекс баҳолашдан ўтказиш кўзда тутилган.
Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази раҳбарияти томонидан марказ фаолияти ҳамда истиқболдаги режаларга оид тақдимот ўтказилди. Шунингдек, баҳолаш жараёнлари амалий тарзда кўрсатиб берилди. Журналистларни қизиқтирган барча саволларига мутахассислар батафсил жавоб қайтарди.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази давлат фуқаролик хизматини модернизация қилишда ва раҳбар кадрларнинг салоҳиятини максимал даражада оширишда муҳим роль ўйнайди. Замонавий технологиялар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш орқали марказ тизими тезкор, шаффоф ва адолатли баҳолаш жараёнини таъминламоқда. Бу эса нафақат давлат бошқарувидаги самарадорликни оширади, балки кадрларнинг профессионал ўсиши ва истиқболдаги ривожланиши учун ҳам кенг имкониятлар яратади.
Камола Юсупова, Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзА