Темир йўл хизматларидан фойдаланувчилар сони сезиларли даражада ошган
Темир йўл — узоқ манзилларни яқинлаштирувчи, миллионлаб одамларни бир ҳудуддан бошқасига етказувчи муҳим транспорт тармоқларидан бири.
Айниқса, аҳоли ҳаракатчанлиги ортиб, ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий ва ижтимоий алоқалар кенгайиб бораётган бугунги шароитда темир йўл хизматларига бўлган талаб ҳам тобора кучаймоқда. Буни йўловчи ташиш ҳажмидаги ўсиш ҳам яққол кўрсатмоқда.
Мамлакатимизда темир йўл тармоғида бошланган кенг кўламли трансформация жараёнлари ўзининг ижобий натижаларини бера бошлади. 2026 йилнинг январь-июнь ойларида темир йўл орқали қарийб 5,9 миллион нафар йўловчи ташилгани бу йўналишга бўлган талаб сақланиб қолаётганини кўрсатади.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,6 миллион нафарга кўп. Яъни, ярим йил давомида темир йўл хизматларидан фойдаланган йўловчилар сони сезиларли даражада ошган.
Бу ўсишни аҳоли ҳаракатчанлигининг ортиши, ҳудудлар ўртасидаги қатновларнинг фаоллашуви ҳамда темир йўл транспортининг нисбатан қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш воситаси сифатидаги аҳамияти билан изоҳлаш мумкин.
Темир йўлнинг иқтисодиётдаги ўрни эса фақат йўловчи ташиш билан чекланмайди. 2026 йилнинг биринчи ярмида ушбу транспорт тури орқали 56,3 миллион тонна юк ташилган. 2026-2030 йилларда йўловчи ва юк ташиш ҳажмини камида икки баробарга ошириш режалаштирилган. Соҳада соҳасида хусусий шериклик лойиҳаларини кўпайтириш ҳам кўзда тутилган.
Умуман, ярим йиллик натижалар темир йўл транспортида ҳам йўловчи, ҳам юк ташиш ҳажми юқори эканини кўрсатмоқда. Бу эса транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, қатновлар сифатини ошириш ва йўловчилар учун янада қулай шароитлар яратиш масаласини долзарб вазифалардан бири сифатида намоён этади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА