Ташаббусдан — фаровонлик сари
Бир аёлнинг тадбиркорликка қадам қўйиши — бир оиланинг тақдирини ўзгартириши мумкин. Бир оиланинг даромади ошса — маҳаллада фаровонлик ортади. Маҳаллада янги иш ўринлари яратилса — ҳудуд иқтисодий ҳаётида янги ҳаракат бошланади. Шу маънода, бугун ўз ғояси, меҳнати ва матонати билан бизнесини йўлга қўяётган хотин-қизлар нафақат ўз келажагини, балки жамият тараққиётини ҳам бунёд этмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг касбий салоҳияти ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев 2026 йил 6 март куни хотин-қизларга бағишланган тадбирда уларнинг жамият ва иқтисодиётдаги фаол ўрнини алоҳида таъкидлаб, бугун мамлакатимизда қарийб 230 минг нафар тадбиркор аёл ҳаётдан ўз ўз йўлини топгани, фермер аёллар сони 12 минг нафардан ошганини қайд этди.
Бухоро вилоятида ҳам бу сиёсатнинг амалий натижалари тобора яққол намоён бўлмоқда. Маҳаллаларда ўз бизнесини йўлга қўйган, ишлаб чиқаришни кенгайтираётган, фермерлик, хизмат кўрсатиш, тиббиёт, ҳунармандчилик каби соҳаларда самарали меҳнат қилаётган хотин-қизлар сафининг кенгайиб бораётгани бунинг ёрқин далилидир.
Ана шундай ташаббускор, изланувчан ва меҳнаткаш аёлларни бир майдонга жамлаган “Ишбилармон аёл–2026” кўрик-танловининг Бухоро вилояти ҳудудий босқичи ҳам тадбиркорликнинг хотин-қизлар ҳаётидаги ўрнини яна бир бор намоён этди.
O‘zLiDeP томонидан 2016 йилдан буён анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови бугун тадбиркор хотин-қизларнинг тажрибаси, янги ғоялари ва амалий натижаларини намойиш этадиган майдонга айланган.
Жорий йилги танловнинг дастлабки саралаш босқичлари маҳаллалар кесимида ташкил этилиб, унда 500 нафардан ортиқ ишбилармон, тадбиркор, фермер ва ҳунарманд хотин-қиз иштирок этишди. Саралаш жараёнида ғолибликни қўлга киритганлар туман ва шаҳар босқичларида ўз тажрибаларини намойиш қилишди. Энг фаол ва муносиб иштирокчилар эса вилоят босқичига йўлланма олишди.


Бу жараённинг ўзиёқ танловнинг оддий мусобақадан анча кенг маънога эга эканини кўрсатади. Зеро, бу ерда баҳс фақат диплом ёки соврин учун эмас. Бу ерда ғоялар, тажрибалар, меҳнат самараси ва келажак режалар ўзаро уйғунлашади.
O‘zLiDePнинг расмий материалларида ҳам “Ишбилармон аёл–2026” танлови хотин-қизларнинг тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, янги бизнес ташаббусларини рағбатлантириш ва қўшимча иш ўринлари яратишга хизмат қилиши таъкидланган. Танлов 2026 йилги партия тадбирлари режасида ҳам мамлакат иқтисодиёти, кичик бизнес ва хусусий сектор ривожида тадбиркор ва фермер хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлашга қаратилган лойиҳа сифатида белгиланган.
Бухоро давлат университетида ўтказилган вилоят ҳудудий босқичида вилоятнинг туман ва шаҳарларидан 13 нафар тадбиркор, фермер ва ишбилармон хотин-қиз иштирок этиб, ўз фаолияти, бизнес лойиҳалари, эришган натижалари ва янги ташаббусларини ҳакамлар ҳайъатига тақдим этди.
Тадбир O‘zLiDePнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида ташкил этилгани билан ҳам аҳамиятли бўлди.


Унда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Амалий лойиҳалар ва Сиёсий таълим маркази раҳбари Насимжон Алимов, Ижроия қўмита департаменти раҳбари Севара Муслимова, Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаммад Аҳмедов ва бошқалар сўзга чиқишиб, танловнинг мақсад ва вазифалари, хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашда бундай лойиҳаларнинг аҳамияти ҳақида фикр билдиришди.
Иштирокчиларнинг ҳар бири ортида эса алоҳида бир ҳаёт ҳикояси, йиллар давомидаги меҳнат, изланиш ва қатъият мужассам.
Олот туманидаги “Салимжон Ашур” фермер хўжалиги раҳбари Садоқат Бешимованинг фаолияти бунга яққол мисол.
— Хўжалигимиз фаолиятини йўлга қўйганимизга бу йил 23 йил бўлди, — дейди Садоқат Бешимова. — Кўп тармоқли хўжалигимизда ғалла, пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади. Ўтган мавсумда ғалла ҳосилдорлиги салкам 90 центнер, пахта ҳосилдорлиги эса 45 центнерга етказилди. 2025 йилда барча экинлардан олинган даромад 1,5 миллиард сўмдан ошди. Айни пайтда 40 нафар ҳамюртларимизнинг бандлигини таъминлаб, эл-юрт дастурхони тўкинлиги ва фаровонлиги йўлида меҳнат қилмоқдамиз.
Бу рақамлар ортида бир аёлнинг 23 йиллик меҳнати, тажрибаси ва масъулияти турибди. Фермер хўжалигида етиштирилган маҳсулотлар намуналари, ишлаб чиқариш кўлами ва эришилган натижалар билан танишган ҳакамлар ҳайъати Садоқат Бешимованинг фаолиятини муносиб баҳолаб, унга биринчи ўринни берди.


Аммо унинг учун энг катта натижа — диплом ёки эътироф эмас. Бу — 40 нафар инсоннинг меҳнати, оилаларнинг даромади ва ердан олинаётган барака.
Тадбиркорликнинг моҳияти фақат маҳсулот ишлаб чиқариш ёки даромад олиш билан ўлчанмайди. У инсонга хизмат қилса, унинг қадри янада ортади.
Бухоро шаҳрининг “Шайх-ул Олам” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида фаолият юритаётган “Doktor Nigin” МЧЖ раҳбари Нигина Ҳикматованинг фаолияти ҳам ана шундай.
— Бир неча йилдан буён оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш йўлида меҳнат қилиб келмоқдамиз, — дейди Нигина Ҳикматова. — Замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган муассасамизда бугунги кунда 25 нафар ходимнинг бандлиги таъминланган. Тадбиркор аёлларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани бизга янада катта мақсадлар сари интилиш учун куч беради.
Унинг кўп йиллик меҳнати ва тиббий хизмат соҳасидаги тажрибаси танлов ҳакамлари томонидан муносиб баҳоланиб, Нигина Ҳикматова иккинчи ўринни эгаллади.
Қоракўл туманидаги “Дилкор” маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритаётган “Дилкор транс” МЧЖ раҳбари Мавлуда Жумақулованинг тадбиркорлик фаолияти эса ишлаб чиқариш билан бандликни бир нуқтада бирлаштирган.
Корхонада 15 турдан ортиқ нон ва нон маҳсулотлари, турли пишириқ ва ширинликлар ишлаб чиқарилади. Энг муҳими, бу ерда 40 нафар қоракўллик хотин-қизнинг бандлиги таъминланган.
Демак, бир аёлнинг ташаббуси ортидан 40 та оилада даромад манбаи пайдо бўлган.


Мавлуда Жумақулованинг ишлаб чиқаришни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳолига сифатли маҳсулот етказиб бериш борасидаги саъй-ҳаракатлари эътироф этилиб, у учинчи ўринга муносиб деб топилди.
Танлов доирасида “Замонавий ташаббускор аёл”, “Энг ёш, фаол аёл тадбиркор”, “Инвестицияларни жалб қилишда ташаббус кўрсатган ишбилармон аёл”, “Қишлоқни ижтимоий ривожлантиришда фаоллик кўрсатган фермер аёл”, “Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли” каби номинациялар бўйича ҳам иштирокчилар эътироф этилди. Уларнинг ҳар бири — алоҳида бир мактаб.
Кимдир қишлоқ хўжалигида юқори ҳосил олиш сирларини намойиш этди. Кимдир тиббиётда замонавий хизмат кўрсатиш йўлини танлади. Яна кимдир ишлаб чиқаришни кенгайтириб, маҳаллада хотин-қизлар бандлигини таъминлади. Уларни бирлаштирган жиҳат эса битта: имкониятни кутиб ўтирмасдан, ташаббус кўрсатиш.
Бугун тадбиркор аёлнинг фаолиятини фақат унинг шахсий ютуғи сифатида баҳолаш тўғри эмас. Чунки унинг ортида оила бор. Унинг корхонасида ишлаётган хотин-қизларнинг оилалари бор. Унинг етиштирган маҳсулоти билан дастурхони тўкин бўлаётган хонадонлар мавжуд. Унинг берган иш ўрни туфайли ўз меҳнати билан даромад топаётган инсонлар бор. Шу маънода, хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш — иқтисодий масала билан бирга ижтимоий аҳамиятга ҳам эга.


Президентимиз ташаббуслари билан хотин-қизларнинг касб-ҳунар ва тадбиркорликка жалб этилишини қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли чоралар белгиланган. Жумладан, 2022 йилда қабул қилинган қарорда хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик кўникмаларини ошириш ва бандлигини таъминлашга қаратилган механизмлар белгилаб берилган. Бу сиёсатнинг мазмун-моҳиятини бугун Бухоро маҳаллаларидаги реал ҳаёт мисолида кўриш мумкин.
“Ишбилармон аёл–2026” танлови якунига етди. Ғолиблар аниқланди, диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Аммо танловнинг ҳақиқий натижаси бу билан тугамайди. Чунки бугун бир-биридан тажриба ўрганган аёллар эртага янги лойиҳаларни бошлаши мумкин.
Бугун ўз бизнесини намойиш этган тадбиркор эртага яна бир нечта хотин-қизни иш билан таъминлаши, бугун танловда қатнашиб, ўз имкониятига ишонч ҳосил қилган иштирокчи эса эртага янада катта мақсадлар сари интилиши мумкин. Шунинг учун ҳам бу каби лойиҳаларнинг энг катта самараси — саҳнадаги эътироф эмас, саҳнадан ташқарида давом этадиган ҳаракатдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири