Тарихий рекорд: Ўзбекистон пахтачилигида илк бор 5 миллион тоннадан ортиқ ҳосил (+видео)
Ўзбекистон пахтачилигида тарихий рекорд қайд этилди. Мамлакатда илк бор 5 миллион тоннадан ортиқ пахта хомашёси етиштирилди. Албатта, бу натижа ортида кенг қамровли ислоҳотлар ётибди.
Бу юксак кўрсаткич нафақат қишлоқ хўжалигидаги улкан ютуқ, балки сўнгги йилларда соҳада амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, илм-фан ва инновацияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш ва замонавий агротехнологияларни жорий этишнинг ёрқин самарасидир. Албатта, бу улкан ютуқлар замирида қилинган самарали ва машаққатли меҳнат барчага қизиқ.
ОАВ учун контент тайёрлаш марказида ўтказилган матбуот анжуманида Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ушбу натижа йўлидаги илмий изланишлар, селекция ва уруғчилик, хорижий тажрибани маҳаллий шароитга мослаштириш ҳамда фермерларнинг меҳнатини рағбатлантиришга қаратилган изчил ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди. Анжуманда, шунингдек, соҳага алоқадор вазирлик ва тизим ташкилотлари масъуллари, ОАВ вакиллари иштирок этди.
– Селекция, генетика, биотехнология ва молекуляр биология йўналишларидаги тадқиқотлар натижалари амалиётга кенг татбиқ этилмоқда, – дейди вазир И.Абдураҳмонов. – Маҳаллий тупроқ-иқлим шароитларига мос, серҳосил, касаллик ва ташқи таъсирларга чидамли навларни яратиш ва ишлаб чиқаришга жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу жараёнда хорижий илмий марказлар ва мутахассислар билан ҳамкорлик, жаҳон тажрибасини ўрганиш ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, АҚШ ва Хитой тажрибаси асосида илғор селекция ютуқлари, уруғчилик ва етиштириш технологиялари маҳаллий шароитга мослаштирилди.
Пахтачиликда эпигенетика, молекуляр маркерлар ва биотехнологик усуллардан фойдаланиш ҳам истиқболли йўналишлардан бирига айланди. Бу эса навларнинг генетик имкониятларини янада чуқур ўрганиш, ҳосилдорликни ошириш ва иқлим ўзгариши шароитида барқарор ишлаб чиқаришни таъминлашга хизмат қилади.
Эришилган натижаларда илғор агротехнологияларнинг ўрни катта. Хусусан, экиш схемаларини такомиллаштириш, тупроқ ва иқлим шароитига мос агротехник тадбирларни белгилаш, ўсимликнинг ривожланиш босқичларига қараб парваришлаш, озиқлантириш ва сувдан оқилона фойдаланиш бўйича янги ёндашувлар жорий этилмоқда.
Хитой тажрибаси асосида 76 схемада қўш қаторлаб экиш, плёнкадан фойдаланиш, томчилатиб суғориш каби технологияларни қўллаш ҳам айрим ҳудудларда ҳосилдорликни каррасига ошириш ва ресурс сарфини камайтиришга хизмат қилди.
Жорий йилги ҳосилни йиғиб олиш жараёнида замонавий техника ва механизация имкониятларидан кенг фойдаланилди. 3 мингдан ортиқ замонавий пахта териш машинаси ёрдамида ҳосилнинг 85 фоизи 30–35 кун ичида йиғиб олинди. Жиззах ва Сирдарё вилоятларида механизациялашган терим даражаси 100 фоизга етди.
Пахтачиликда фермерлар манфаатдорлигини ошириш ҳам ислоҳотларнинг муҳим йўналишидир. Етиштирилган ҳосилнинг иқтисодий самарадорлиги, молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятлари ва маҳсулот етиштирувчиларнинг даромадини кўпайтиришга қаратилган механизмлар такомиллаштирилмоқда. Жорий йилда фермер хўжаликлари пахта етиштиришдан 13–14 триллион сўм соф фойда олиши кутилмоқда.
– Бугунги тарихий хирмон соҳадаги ислоҳотларнинг якуни эмас, балки янги босқичи учун мустаҳкам заминдир, – дея давом эттирди ўз нутқини вазир. – Энди асосий вазифа эришилган натижаларни сақлаб қолиш, ҳосилдорликни янада ошириш, ишлаб чиқариш таннархини камайтириш ва маҳсулот рақобатбардошлигини кучайтиришдан иборат.
Матбуот анжуманида айтилдики, келгуси мавсумда ўртача ҳосилдорликни гектарига 65–70 центнерга етказиш мақсад қилинган. Бунинг учун илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада кучайтириш, серҳосил навларни жорий этиш, замонавий агротехнологиялар, сув ва ресурс тежовчи ечимлардан кенг фойдаланиш таклиф этилди. Шунингдек, пахтачиликда рақамлаштириш, сунъий интеллект ва замонавий мониторинг воситаларини қўллаш орқали агротехник жараёнларни аниқ маълумотлар асосида бошқариш имкониятларини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга.
Шу билан бирга вазир пахта экилишидан тортиб, то уни йиғиб олишгача бўлган жараёнларни оддий, журналистларга тушунарли қилиб ахборот берди. Маълумотларни тақдим этар экан “пахтачиликда илк бор” деган сўзлар жуда кўп бора янгради. Масалан, илк бор далаларимизда катта майдонларда кўсак қуртига қарши навлар кўп экилди, пахтанинг тўлиқ пишиб етилишига эътибор қаратилди, 100 минг кўчат жойлаштирилган майдонларга 200 минг кўчат жойлаштирилди, микро ўғитларга кўпроқ эътибор қаратилди. (марганец, темир, бор кислотаси, кальций) Ўсимлик танаси шунинг ҳисобига яхши ривожланди, гуллари тўкилиб кетмади, пахта ҳосили тош босди. Нитрат икки баробарга қисқарди.
– Илк бор этефон гармонлари 1 августда алоҳида сепилди. Бунда ўсимлик гуллашдан тўхтайди ва бор кучини пахта ҳосилига йўналтиради, – дея тушунтириб ўтди вазир. – Хуллас, йиллар давомида йўл қўйилган хатоларни олимлар бирлашиб, ўрганди ва илмий хулосалар қабул қилинди. Муҳими ана шу илм фермерларга етказилди.
Илк бор касалликларга қарши аспирин дориси қўлланилди. Авваллари фермерлар далани ўғитлашга гектарига 2,5 миллион сўм сарфлаб ҳосилдорликка эришмаган бўлса, энди 100 минг сўмлик сарф билан 100 центнердан оширган фермерлар сони 1 минг нафарга етди.
Республикада ўртача ҳосил 56 центнерни ташкил этди. Жорий йилда 1,7 миллион тонна тола олиш режалаштирилмоқда. Ҳозирда тўқимачилик корхоналарида маҳсулотнинг қўшилган қийматини яратиш жараёни давом этмоқда. Тайёр маҳсулот келгусида катта миқдорда хорижга ҳам экспорт қилинади.
Матбуот анжуманида журналист ва блогерлар томонидан йўлланган саволларга вазир ва соҳа ташкилотлари раҳбарлари батафсил жавоб қайтаришди.
Санжар Тошпўлатов,
Дониёр Якубов,
Улуғбек Тўхтаев, ЎзА