Бухорода “Устоз – таълим бунёдкори” шиори остида ўқитувчилар қурултойининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Таълим ислоҳотларини биргаликда амалга ошириш, ўқитувчиларни ягона кучга айлантириш ҳамда мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш ва уларнинг ечими бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилган тадбирда Мактабгача таълим ва мактаб таълими вазирлиги раҳбарияти, вилоят ҳокимлиги, шунингдек, тизимда фаолият олиб бораётган 200 нафар ўқитувчи ва фахрий устозлар қатнашди.

Тадбирни Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари Узоқбой Бегимқулов очиб берди. Давлат раҳбари ташаббуси билан тизимда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар ҳамда истиқболдаги вазифалар ҳақида сўз юритди.
Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зариповнинг қурултой иштирокчиларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Шунингдек, вилоят мактабгача ва мактаб таълими тизимида амалга оширилган самарали ишлар, эришилган ютуқлар хусусида маълумот берилди.
Таъкидланганидек, таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида вилоятда сўнгги уч йилда умумий ўрта таълим мактаблари сони 15 тага, иқтидорли болалар учун ихтисослаштирилган мактаблар сони 12 тага кўпайди. Умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган касбий салоҳиятга эга бўлган олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улуши 23 фоиздан 44 фоизга ошди. Битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш улуши 25 фоиздан 54 фоизга кўтарилди. Халқаро миқёсда ташкил этилган фан олимпиадаларидаги медаллар сони 4 тадан 19 тага кўпайди.

Давлат раҳбари ташаббуси билан мактабларда ўқувчиларга 2 та хорижий тил ва битта касб ёки ҳунар ўргатиш тизими жорий этилди. Ушбу йўналишда вилоятда ташкил этилган ҳар бир ҳудуддан 1 тадан жами, 13 та мактабда касб ўргатиш ва иккинчи хорижий тилни ўқитиш ишларини йўлга қўйиш мақсадида вилоят маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Шунингдек, танланган мактабларда ташкил этилган 90 та касбга ўргатиш тўгаракларига 1 780 нафар ўқувчилар жалб қилинди. Иккинчи хорижий тил сифатида инглиз, немис, француз, япон ва корейс тиллари ўқитилмоқда. Келгуси ўқув йилида мазкур амалиётни 33 та умумтаълим мактабларида жорий қилиш режалаштирилган.
Таълим сифатини оширишда илғор хорижий тажрибалардан фойдаланиш, янги замонавий таълим методикаларини жорий этиш мақсадида жорий йилда Россия давлатидан 4 нафар, Ҳиндистон давлатидан 1 нафар, жами 5 нафар хорижий экспертлар жалб қилинган. Ўқувчилар билан дарс ва тўгарак машғулотларини олиб бориш билан бир қаторда, педагог ходимларнинг касбий маҳоратини ошириш бўйича 20 дан ортиқ ўқув-семинарлари ташкил этилди ҳамда ушбу семинарларга мингдан ортиқ ўқитувчилар қамраб олинди.

Бундан ташқари, вилоят ҳокими топшириғи билан Қоракўл туманида Ачария университети билан ҳамкорликда математика, информатика ва инглиз тили фани ўқитувчиларининг касбий салоҳиятини ошириш борасида ўқувлар олиб борилди. 300 нафар ўқувчиларга АКТ ва хорижий тилни ўргатиш ишлари бошланган. Шунингдек, Ачария университети билан ҳамкорликда информатика, математика ва хорижий тил ўқитувчиларининг малакасини ошириш бўйича музокаралар олиб борилди. Эндиликда, вилоят педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказида икки минг нафарга яқин ушбу фан ўқитувчиларининг касбий салоҳиятини ошириш ишлари режалаштирилди.
Давлатимиз раҳбарининг топшириқларига асосан, умумтаълим мактабларида таълим-тарбия сифатини ошириш, Президент таълим муассасаларининг илғор тажрибаларини умумтаълим мактабларига жорий қилиш мақсадида вилоятдаги 28 та мактабда янги баҳолаш тизими, 9 та мактабда ўқувчиларнинг қизиқишлари асосида танлов синфлари ҳамда 25 та мактабда вариатив фанларни ўқитиш бўйича тажриба-синов жараёнлари ташкил этилди. Кейинги ўқув йилидан ўқувчилар билимини янгича баҳолаш тизими татбиқ этиладиган мактаблар сони 100 тага етказилиши белгиланган.

Тадбирда иштирокчиларнинг тизимни янада ислоҳ қилиш борасида таклиф ва мулоҳазалари тингланди. Бугун тизимда ўқитувчини қийнаётган қандай муаммолар мавжуд, уларни қандай йўл билан бартараф этиш мумкин, таълим сифатини янада ошириш учун нима қилиш керак каби саволларга биргаликда жавоб изланди.
Бир гуруҳ фаол, ташаббускор ва фидойи ўқитувчиларга вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари топширилди. Бунда тизимда узоқ йиллар самарали хизмат қилган фахрий устозларга алоҳида эҳтиром кўрсатилди.

Бир неча йиллар Бухоро шаҳридаги 1-умумтаълим мактабида математика фани ўқитувчиси сифатида самарали фаолият олиб борган фидойи, жонкуяр устоз, “Халқ таълими аълочиси” Хадича Комиловага Бухоро давлат педагогика институтининг “Фахрий профессор” илмий унвони топширилди.
–Бугун ўқитувчиларнинг юрт эъзози, эътибори эканлиги кўксимни фахрга тўлдиради, – дейди фахрий устоз. – Ахир мен ҳам қадри юксалаётган шу ўқитувчиларнинг бириман. Қани энди 15-20 йилга ёшариб қолсаму, шундай имкониятлар, шароитлар яратилган ажойиб бир муҳитда ишласам.
Ўқитувчилар қурултойи дастури доирасида куннинг иккинчи ярмида Бухоро шаҳридаги 17-умумтаълим мактабида семинар- тренинглар ташкил этилди. Тренингларда бошланғич таълим, аниқ фанлар, табиий фанлар, она тили ва адабиёти йўналишлари бўйича ҳар бир туман ва шаҳардан фанлар кесимида ўқитувчилар иштирок этди.

Шўбаларда хорижий ва маҳаллий мутахассислар томонидан илғор тажрибалар асосида яратилган дарсликлар мажмуалари асосида ўқитиш методикалари, ўқиш саводхонлиги ва она тили фанлари доирасида 4К моделини қўллаш, ўқувчиларда ХХI аср кўникмаларини шакллантириш, лойиҳага асосланган таълим, мавжуд муаммолар ва уларни ечими бўйича тренинглар бўлиб ўтди.
Маълумот учун: қурултойнинг шаҳар ва туман босқичларида ҳам хорижий тажрибалар асосида илғор методикаларни жорий этиш, спиралсимон ўқитиш ҳамда тадқиқотчиликка йўналтирилган таълим масалалари муҳокама этилган эди. Унда бошланғич таълим, она тили ва адабиёт, аниқ ҳамда табиий фанлар бўйича 2264 нафар ўқитувчи иштирок этди. 80 нафар тренерлар машғулот жараёнларини олиб борди. Ушбу қурултой давомида ўқитувчилар томонидан 600 га яқин муаммолар ҳамда ушбу муаммоларни бартараф этиш юзасидан 800 га яқин таклифлар билдирилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.