Таълим ислоҳотларининг таянчи
Мамлакатимизда келажагимиз эгалари бўлган ёш авлод таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг замонавий таълим олиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Айниқса, мактабгача таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида боғчаларнинг қамрови кенгайиб бормоқда. Бу борада педагог, "Tashkent International University of Education" университети магистранти Сурайё Гаппарова ЎзА мухбирига ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
— Бугун Янги Ўзбекистон тараққиёти ҳақида сўз юритар эканмиз, аввало, таълим ва тарбия соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни алоҳида таъкидлаш жоиз. Зеро, ҳар қандай жамиятнинг келажаги унинг таълим тизими ва ёш авлодга яратиб берилаётган имкониятлари билан чамбарчас боғлиқ.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида таълим тизими, хусусан, мактабгача таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда педагогнинг мақоми, меҳнати, касбий маҳорати ва масъулиятига алоҳида ўрин берилмоқда.
Мактабгача таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг натижаси рақамларда яққол кўринади. Масалан, 2017 йилда мамлакатимизда мактабгача таълим билан қамров атиги 30 фоиз атрофида бўлган. Ўша даврда Президентнинг мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган қарор ва фармонлари қабул қилиниб, соҳани янги босқичга олиб чиқиш ишлари бошланди.
Сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида боғчалар сони кескин кўпайди. 2024 йил якунига оид расмий маълумотларда боғчалар сони 38 мингтага, мактабгача таълим қамрови эса 76 фоизга етгани қайд этилган. Бугунги кунда эса мамлакатимизда мактабгача таълим билан қамров 78 фоизга етди. Эндиги мақсад эса бу кўрсаткични 80 фоизга етказишдир. Сўнгги саккиз йилда боғчаларда болалар учун яратилган ўринлар сони 2,5 миллионтага кўпайгани ҳам соҳадаги улкан ўзгаришлар кўламини кўрсатади.
Яъни, қисқа давр ичида қамров қарийб уч баробарга яқин ошди. Бу оддий рақам эмас. Бу юз минглаб болалар учун таълим ва тарбия эшиклари янада кенг очилганини англатади.
Боғча — таълимнинг биринчи поғонаси. Бола ҳаётида мактабгача таълимнинг ўрни беқиёс. Боғчада бола нафақат билим олади, балки жамоа билан мулоқот қилишни, ўз фикрини ифодалашни, дўстларига ҳурмат билан муносабатда бўлишни, мустақил ҳаракат қилишни ўрганади. Шунинг учун бугунги замонавий боғча оддий тарбия маскани эмас, балки боланинг келажакдаги шахсий ва интеллектуал ривожланишига пойдевор яратадиган муҳим таълим муассасасидир.
Ҳар қандай ислоҳотни қоғозда қабул қилиш мумкин, аммо уни ҳаётга татбиқ этадиган биринчи инсон педагогдир. Тарбиячи боланинг қалбига биринчи бўлиб йўл топади. Унинг бир оғиз ширин сўзи, меҳр билан айтган маслаҳати, оддий бир машғулоти боланинг дунёқарашида катта из қолдириши мумкин.
Шу боис, педагогдан бугун фақат билим бериш эмас, балки замонавий педагогик технологиялардан фойдаланиш, боланинг индивидуал қобилиятини англаш, ўйин орқали таълим бериш ва ҳар бир тарбияланувчига алоҳида ёндашиш талаб этилмоқда.
2026 йил 4 февралда Президентимизга мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича тақдимот ўтказилган эди. Унда давлат боғчаларидаги педагогларнинг 61 фоизи, нодавлат боғчалардаги ходимларнинг эса 76 фоизи ўрта махсус маълумотга эга экани қайд этилди. Шу сабабли педагогларнинг касбий салоҳиятини ошириш ва уларга олий маълумот олиш имкониятларини кенгайтириш муҳим вазифа сифатида белгиланган.
Жумладан, 2026–2027 ўқув йилидан педагогика олий таълим ташкилотларида мактабгача ва бошланғич таълим йўналишлари бўйича дастурларни халқаро илғор тажрибалар асосида такомиллаштириш, амалда ишлаётган ўрта махсус маълумотли педагоглар учун эса “5+1” дуал таълим асосида бакалаврлар тайёрлаш тизимини жорий этиш кўзда тутилган.
“Ўзбекистон — 2030” стратегиясида мактабгача таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш ва болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини 2030 йилга бориб 80 фоизга етказиш устувор мақсад сифатида белгиланган. Шунингдек, мактабга тайёрлов гуруҳлари билан болаларни 100 фоиз қамраб олиш вазифаси қўйилган.
Бу мақсадлар педагоглар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Чунки таълим сифатини ошириш фақат янги бинолар ёки замонавий жиҳозлар билан эмас, аввало, билимли, изланувчан ва меҳрли педагоглар билан таъминланади.
Бугун Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар келажакка қўйилаётган энг муҳим сармоядир. 2017 йилдаги тахминан 30 фоизлик қамровдан 2026 йилдаги 78 фоизлик кўрсаткичгача бўлган йўл мактабгача таълим соҳасида улкан ўзгаришлар амалга оширилганини кўрсатади. Эндиги вазифа эса нафақат қамровни 80 фоизга етказиш, балки таълим-тарбия сифатини янада юксалтиришдир.
Бу эзгу мақсадларни амалга оширишда ҳар бир педагогнинг ўрни беқиёс. Зеро, бугунги тарбиячи қўлида эртанги Ўзбекистоннинг бунёдкори бўладиган авлод тақдири бор. Шундай экан, педагогни қадрлаш, уни қўллаб-қувватлаш ва касбий салоҳиятини юксалтириш — таълим ислоҳотларининг энг муҳим шартларидан биридир. Зеро, сифатли таълим — буюк келажак пойдевори, фидойи педагог эса шу пойдеворнинг мустаҳкам устунидир.
ЎзА мухбирии Муҳтарама Комилова ёзиб олди.