Тадбиркорлар ислоҳотлардан мамнун
Бугун юртимизда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланган. Уларга берилаётган имтиёзлар соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда. Қашқадарё вилояти солиқ бошқармаси масъул ходимлари “Текширувдан сервисга” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларида бўлиб, қонунчиликдаги янгиликлар, берилаётган имтиёзлар юзасидан маълумотлар бермоқда.
Маълумки, 2026 йил 1 январдан бошлаб қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари реализацияси учун қўшилган қиймат солиғининг “ноль” ставкаси жорий қилинган.
– Янги тартибга кўра, ишлаб чиқарувчилар харид қилинган товар ва хизматлар учун тўлаган қўшилган қиймат солиғи суммасини 3 кун муддатда автоматик равишда қайтариб олиш имкониятига эга бўлади, – дейди Қашқадарё вилояти солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Темур Тоштемиров. – Бугунги кунда Қашқадарёда 24 та хўжалик юритувчи субъектга 142 ҳолатда 12 миллиард сўмдан ортиқ маблағ қайтариб берилди.

Жумладан, “ROYAL CHICKEN BIZNES” оилавий корхонаси паррандачиликнинг гўшт йўналишида фаолият олиб боради. Бундан 6 йил аввал ташкил этилган корхонада 35 нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланган. Бугунги кунда 45 мингдан ортиқ парранда парвариш қилинмоқда. Берилаётган имтиёзлар корхонада паррандалар сонини оширишга, ички бозорга арзон нархларда гўшт маҳсулотларини етказиб беришга хизмат қилмоқда.

Қарши шаҳридаги “Nasaf 888” хусусий корхонаси умумий овқатланиш фаолияти билан шуғулланиб келмоқда. Корхона ушбу тартибга кўра 70 миллион сўмдан ортиқ маблағни қайтариб олди. Ушбу маблағлар корхона фаолиятини янада ривожлантиришга йўналтирилди.
– Бугун биз давлатимиз томонидан тадбиркорларга берилаётган имтиёзлардан жуда мамнунмиз. Айниқса, солиқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар фаолиятимизни янада кенгайтириш, янги иш ўринларини яратишимизда муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди корхона ҳисобчиси Ҳусниддин Баратов.

Шунингдек, Қашқадарё вилояти солиқ бошқармаси масъул ходимлари “Gold capital savdo lux” хусусий корхонасида бўлди. Тадбиркорларни қийнаётган саволларга жавоб беришди.
Бу каби тарғибот тадбирлари давом этмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири