Тадбиркор-шифокорга самимият ва фидокорлик эътирофи
Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан нашрдан чиққан, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Васила Турдибоева қаламига мансуб “Бизнинг Шоирахон” номли китобда маҳоратли ҳакиманинг ибратли ҳаёти, заҳматли фаолияти ҳикоя қилинади. Шунингдек, китоб саҳифаларидан кўплаб миннатдор ва ҳавасманд қалблар изҳори ҳам ўрин олган.
Ҳар инсон ҳаёти бир китоб бўлишга арзигулик. Бироқ бу битиклар мазмуни, қаҳрамонида гўзал инсоний фазилатлар бисёрлиги, умрнинг нақадар улуғ неъмат эканини англатиши билан бир-биридан фарқ қилади.
Наманган вилоятининг Чортоқ туманидаги “Shoira Med” хусусий тиббиёт клиникаси раҳбари, олий тоифали шифокор, ажойиб аёл Шоирахон Бурхонова ана шундай мазмунли умр йўлларига эга аёл. У нафақат ўттиз беш йиллик касбий тажрибаси ва тадбиркорлик ташаббусини уйғунлаштириб, аҳоли саломатлигига хизмат қиладиган замонавий тиббий масканни ташкил этган тадбиркор, балки минг-минглаб хотин-қизлар дардига шифо, оналик истагидагиларга эса бахт улашиб келаётган фидойи шифокордир.

“Бизнинг Шоирахон” номли китоб тақдимоти Республика Маънавият ва маърифат маркази Наманган вилояти бўлими, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамда Давлатобод тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Вилоят маданият марказида бўлиб ўтган тантанали тадбирда китоб муаллифи – таниқли журналист Васила Турдибоева сўзга чиқиб, китобнинг яратилиш сабаби ва жараёни хусусида сўз юритди.

– Президентимизнинг жорий йилнинг август ойида “Тадбиркорлар куни” муносабати билан бизнес субъектлари билан ўтказилган очиқ мулоқотида юртимиз иқтисодиётини ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини юксалтириш йўлида фидойилик билан меҳнат қилаётган фаол ишбилармонлар фаолияти ҳақида китоб ёзиш ташаббуси билдирилганидан илҳомланган ҳолда камина ҳам китоб нашр қилишга киришдим, – дейди Васила Турдибоева. – Шу маънода, китобни бундан 25 йил аввал тўғри ташхис қўйиб, ҳаётимни асраб қолган тажрибали врач Шоирахон Бурхоновага миннатдорлик сифатида бағишлашга аҳд қилдим. Ўйлайманки, янги нашр кенг китобхонлар оммасига, айниқса, тиббиёт соҳасига эндигина кириб келаётган ёш мутахассислар ҳамда талабаларга манзур келади.
Тадбирда шифокорнинг босиб ўтаётган шарафли ҳаёт йўли, юксак инсоний фазилатлари алоҳида эътироф этилди. Китоб қаҳрамонининг устозлари, Андижон ва Фарғона вилоятларидан келган собиқ курсдошлари, шогирдларининг самимий ва илиқ мулоҳазалари тақдимотга янада юқори мазмун ва файз бағишлади.

Тақдимот ниҳоясида Шоирахон Бурхонова ижодкорлар, тадбир ташкилотчилари, меҳмонларга сидқидилдан ташаккур изҳор қилди. Шунингдек, куй-қўшиқ ва рақслар дилларга ўзгача завқ-шавқ бағишлади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.