Табассум маҳалласида янгиланишлар кўлами кенгаймоқда
Қарши шаҳридаги Табассум маҳалласида кўп қаватли уйлар ва улар атрофидаги ҳудудларни ободонлаштириш, аҳоли учун қулай ва замонавий муҳит яратишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.
Айниқса, кўп қаватли уйларнинг ташқи қиёфасини янгилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Rashid Obod” МЧЖ бошқарув компанияси томонидан қатор уйларнинг фасадлари таъмирланиб, уларга янги кўриниш берилди. Бу нафақат биноларнинг ташқи қиёфасини яхшиламоқда, балки маҳалланинг умумий манзарасини ҳам ўзгартирмоқда.

Уй-жойларнинг ички ва ташқи инфратузилмасини тартибга келтириш ишлари ҳам комплекс тарзда олиб борилмоқда. Кириш йўлаклари, эшиклар ва том қисмлари таъмирланиб, эскирган жиҳозлар янгиланмоқда. Уйлар олдидаги ҳудудлар бетонлаштирилиб, аҳоли юриши ва ҳаракатланиши учун янада қулай шароит яратилмоқда.
– Бугун одамлар уйининг фақат ичи эмас, атрофи ҳам обод бўлишини истайди. Шунинг учун ишлар фақат фасадларни таъмирлаш билан чекланмаяпти. Уйлар олди, йўлаклар, ёритиш ва дам олиш жойларини ҳам тартибга келтиришга эътибор қаратяпмиз, – дейди “Rashid Obod” МЧЖ бошқарув компанияси раҳбари Абдувоҳид Норқулов.

Маҳаллада аҳолининг, айниқса, болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун ҳам шароит яратилмоқда. Уйлар олдида болалар ўйингоҳлари барпо этилиб, мавжуд ҳудудларни янада обод ва кўркам қилиш ишлари амалга оширилмоқда. Бу эса кўп қаватли уйлар орасидаги бўш майдонларни шунчаки ҳудуд эмас, аҳоли фойдаланадиган қулай жамоат маконига айлантириш имконини бермоқда.

Маҳалладаги бугунги ўзгаришлар бир қарашда оддий таъмирлаш ишларидек кўриниши мумкин. Аслида эса ҳар бир янгиланган фасад, таъмирланган йўлак ёки обод қилинган ҳудуд ортида аҳолига қулай яшаш шароитини яратиш мақсади мужассам.
Энг муҳими, бундай ишлар маҳалланинг қиёфасини ўзгартириш билан бирга, аҳолининг ўз яшаш муҳитига муносабатини ҳам яхшилашга хизмат қилади. Обод уй ва тоза ҳудуд эса одамларда ўз маҳалласига дахлдорлик ва уни асраш масъулиятини кучайтиради.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири