Таассуротларга бой саёҳат
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва "Нуроний" жамғармаси Республика бошқаруви ташаббуси билан бир гуруҳ навоийлик нуронийлар Тошкент шаҳрига саёҳат қилди.
Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг саломатлиги, хотиржамлиги ва муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароитлар яратишдан иборат.

Кексаларнинг мазмунли дам олиши, мамлакатимизнинг тарихий ва замонавий масканларини зиёрат қилиши учун имкониятлар яратилаётгани ҳам ана шу эзгу мақсадларнинг бир кўринишидир. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 майдаги “Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ҳар йили куз фаслида “Кексалар учун туризм ойлиги”ни ўтказиш белгилаб қўйилган.

Саёҳат иштирокчилари дастлаб “Саёҳат” меҳмонхонасига жойлашиб, пойтахтнинг диққатга сазовор масканларига йўл олди. Тошкент телеминораси, Ислом Каримов музейи ва “Ғалаба боғи” мажмуасига ташрифлар уларда катта таассурот қолдирди.
Саёҳатнинг кейинги куни улар Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Бу ерда аждодларимизнинг илм-фан, маданият ва маънавият ривожига қўшган улкан ҳиссаси билан боғлиқ тарихий мерос намуналари билан танишиш нуронийларга яна бир бор миллий қадриятларимизнинг беқиёс аҳамиятини ҳис этиш имконини берди.
Ташрифлар давомида нуронийлар пойтахтдаги ободлик ва бунёдкорлик ишлари, замонавий инфратузилма ва юртимизда амалга оширилаётган янгиланишларни кўриб, бугунги ўзгаришларни катта қизиқиш билан кузатдилар.
– Биз кексаларга кўрсатилаётган бундай эътибордан жуда мамнунмиз, – дейди Нурота тумани Бўстон маҳалласи фаоли Абдумутал Норбоев. – Бугун пойтахтимиздаги ўзгаришларни, олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини ўз кўзимиз билан кўрдик. Бу гўзалликларни кўриб, тинч ва фаровон ҳаёт насиб этаётганидан шукроналик айтдик.

Албатта, нуронийларнинг қувончи ва дуолари ушбу эзгу ишларнинг энг катта самарасидир. Зеро, кексаларни эъзозлаш, уларнинг ҳаётий тажрибаси ва дуосини олиш халқимизга хос азалий қадриятлардан. Бугун бу қадриятлар замонавий ислоҳотлар билан уйғунлашиб, инсон қадрини таъминлашга қаратилган амалий ишлар билан бойиб бормоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири