Сузиш бўйича Жаҳон кубоги: Илья Сибирцев Ўзбекистон рекордини янгилади
Тошкентдаги Олимпия шаҳарчасининг Сув спорти саройида сузиш бўйича Жаҳон кубоги босқичи давом этмоқда.
Қувонарлиси, Жаҳон кубогининг иккинчи кунида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Илья Сибирцев бронза медалини қўлга киритди. Ҳамюртимиз 800 метрга эркин усулда сузиш баҳсларида 7:40.77 натижа кўрсатиб, Ўзбекистон рекордини янгилади ва мусобақа шоҳсупасининг учинчи поғонасидан жой олди.
Мазкур масофада белгиялик Лукас Ҳенво 7:37.83 натижа билан олтин, америкалик Карсон Фостер эса 7:40.38 натижа билан кумуш медалга сазовор бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА