Сувчиларга амалий ёрдам кўрсатилди
Боёвут туманида сув хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган ходимларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш ҳамда иш самарадорлигини оширишга қаратилган амалий ёрдам тадбири ташкил этилди.
Унда 10 нафар сувчига “Cargo tricycle” русумли юк трицикллари, яна бир нафар ходимга эса уч ғилдиракли юк мотороллёри ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди. Ушбу кўмак уларнинг кундалик фаолиятини енгиллаштириш, далалар ва ирригация иншоотларида тезкор хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Тадбир доирасида Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Нуркамол Атақулов Боёвут туманида бўлиб, сув хўжалиги тизимида фаолият юритаётган ходимлар билан очиқ мулоқот ўтказди.

Учрашувда мамлакатимизда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, ирригация инфратузилмасини модернизация қилиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда соҳада меҳнат қилаётган ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, соҳада “сув ресурсларидан оқилона ва тежамкор фойдаланиш”, “ирригация тизимларини рақамлаштириш”, “суғориш инфратузилмасини модернизация қилиш” каби устувор вазифалар белгилаб берилган бўлиб, бу борада амалий ишлар изчил давом этмоқда.

Таъкидланишича, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишини таъминлашда стратегик аҳамият касб этади. Шу сабабли ҳудудларда замонавий ирригация технологияларини кенг жорий этиш, сув тақсимотини шаффоф ва адолатли ташкил этиш ҳамда сувчиларнинг фидокорона меҳнатини муносиб қадрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.


– Сувчиларга кўрсатилаётган бундай амалий ёрдам уларнинг меҳнат рағбатини янада оширади. Энг муҳими, бу борадаги ишлар изчил давом эттирилади, – деди учрашув якунида Нуркамол Атақулов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири