Сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади
Мамлакатимизда сув ресурсларини самарали бошқариш, сув мониторинги, ҳисоби ва ҳисоботини юритиш, шунингдек, сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Сувнинг давлат ҳисобини юритиш, сув хўжалиги объектларидан ва қурилмаларидан фойдаланишда бевосита масъул бўлган шахсларнинг жавобгарлигини белгилаш, оқова сувларни чиқариб юбориш тартибига риоя этилишини таъминлаш, шунингдек, истеъмолчиларга қулайликлар яратиш зарурати юзага келган.
Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун юқоридаги муаммоларни бартараф этишга қаратилган.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик ҳамда Сув кодексларига сувларнинг давлат ҳисобини юритиш ҳамда сув хўжалиги объектларидан ва қурилмаларидан ҳамда оқова сувларни чиқариш тармоқларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилимоқда. Сувдан фойдаланиш тўғрисидаги шартномаларни махсус ахборот тизимида автоматлаштирилган ҳолда электрон шаклда рўйхатдан ўтказишни назарда тутувчи тузатишлар киритилмоқда.

Сенаторлар маъқуллаган қонун сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, соҳада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва сув ресурсларининг муҳофаза қилинишини таъминлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА