Сув тежовчи технологияларни ўрнатиш ва сервис хизматида камчиликлар бор
Сўнгги йилларда сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳаракатлари давлат томонидан рағбатлантирилмоқда. Натижада қишлоқ хўжалиги экин майдонларида замонавий суғориш технологияларидан фойдаланиш кўлами кенгаймоқда.
Бироқ, ушбу жараёнда айрим ҳуқуқий ва ташкилий муаммолар сақланиб қоляпти. Хусусан, сув тежовчи технологияларни ўрнатиш бўйича қурилиш-монтаж ишларини бажариш, уларни эксплуатацияга киритиш ва сервис хизматларини кўрсатишда юзага келаётган камчиликлар айрим ҳолларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига таъсир кўрсатмоқда.
Маълумотларга кўра, 2026 йилда 1,4 триллион сўм имтиёзли кредит ҳисобидан 137 минг гектар майдонда томчилатиб, 34 минг гектарда ёмғирлатиб, 107 минг гектарда дискрет суғориш технологияси жорий этилган ҳамда 303 минг гектар майдонда лазерли текислаш амалга оширилган. Аммо айрим пудрат ташкилотлари томонидан ускуналар ўрнатиш, уларга кафолат бермаслик ва белгиланган муддатларда сервис хизматлари кўрсатилмаслиги ҳолатлари учрамоқда.
Хусусан, 2024-2026 йилларда 309 та қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларининг жами 3 минг 848 гектардан ортиқ майдонида сувни тежайдиган технологияларни қуриб берган пудрат ташкилотлари томонидан кафолат берилмаган ҳамда сервис хизматлари кўрсатилмаган. Бу каби ҳолатлар бўйича судларга даъво киритишда эса давлат божи билан боғлиқ харажатлар қўшимча молиявий юкни юзага келтирмоқда.
Шундан келиб чиқиб, “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9-моддасига қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва парламент қуйи палатаси мажлисида биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларининг манфаатини кўзлаб сув тежовчи технологияларни ўрнатиш билан боғлиқ масалалар юзасидан Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясини судларга даъво аризалари киритишда давлат божини тўлашдан озод этиш назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, даъво талаблари суд томонидан тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божини рад этилган талаблар миқдорига мутаносиб равишда ундириш тартиби белгиланмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий чораларини кучайтириш, уларнинг фаолиятида ортиқча харажатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА