Сув тежалса, ҳосил кўпаяди
Президент қарори ижроси амалда
Жиззах вилояти Зафаробод туманида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигида самарадорликни оширишга қаратилган изчил ишлар амалий натижалар бермоқда. Айниқса, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва мавжуд ирригация тармоқларини такомиллаштириш орқали ер ва сувдан унумли фойдаланишга эришилмоқда.

Тумандаги Й. Охунбобоев номидаги фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмаси таркибидаги “Бахмал” фермер хўжалигида ғалла экин майдонларининг 15 гектарида ёмғирлатиб суғориш тизими жорий этилди. Ушбу замонавий технология сув ресурсларини тежаш баробарида, экинларнинг барқарор ўсиши ва ҳосилдорликнинг ошишига хизмат қилмоқда. Мутахассислар қайд этишича, бундай усуллар анъанавий ариқ орқали суғоришга нисбатан сув сарфини ўртача 30–40 фоизгача камайтиради, тупроқдаги намлик мувозанатини сақлайди ҳамда ер унумдорлигини оширади.

Энг муҳими, мазкур тажриба бошқа фермер хўжаликлари учун ҳам амалий намуна бўлиб хизмат қилмоқда. Бу эса ҳудудда сув тежовчи технологиялар қамровини янада кенгайтириш имконини беради.
Шу билан бирга, сув йўқотилишининг олдини олишга қаратилган инфратузилмавий ишлар ҳам изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, Зафаробод тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси томонидан “ЮР-27б” каналида реконструкция ва бетонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Узунлиги 4,3 километр бўлган ушбу канал тўлиқ таъмирлангач, “Тинчлик” ва “Ҳожиаҳмедов” фермер хўжаликлари ҳудудидаги 1094 гектар экин майдони кафолатли сув билан таъминланади. Бетонлаштириш ишларига замонавий техника ва малакали мутахассислар жалб қилингани ишларнинг сифатли ва қисқа муддатларда бажарилишига хизмат қилмоқда.

Мазкур саъй-ҳаракатлар мамлакатимизда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича қабул қилинган муҳим ҳужжатлар ижросининг амалий ифодасидир. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 июлдаги “Сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, ирригация тармоқларини модернизация қилиш устувор вазифа сифатида белгиланган. Мазкур ҳужжат ижроси доирасида жойларда амалга оширилаётган ишлар қишлоқ хўжалигида барқарор ўсишни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, глобал иқлим ўзгариши шароитида сув танқислиги муаммоси тобора долзарблашиб бормоқда. Шу боис ёмғирлатиб ва томчилатиб суғориш каби илғор технологияларни кенг жорий этиш, каналларни бетонлаштириш орқали сув йўқотилишини камайтириш, сув ҳисобини рақамлаштириш каби чоралар келгусида қишлоқ хўжалигининг барқарорлигини таъминлайди.
Зафаробод туманида амалга оширилаётган бундай лойиҳалар сувни тежаш орқали ҳосилдорликни ошириш мумкинлигини амалда намоён этмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири