Сурхондарёда “Жасорат мактаблари” ўқувчиларининг “Ваъда бериш” маросими бўлиб ўтди
Юртимизда ёшларни ватанпарварлик, мардлик ва фидойилик руҳида тарбиялаш, уларни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб вояга етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
ФОТОРЕПОРТАЖ
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 15 ноябрда қабул қилинган “Ўқувчи-ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида ”ги қарорига мувофиқ, 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб Сурхондарё вилоятининг шаҳар ва туманларида 15 та “Жасорат мактаби” фаолияти йўлга қўйилди.
Мазкур мактабларда таълим олаётган ўқувчиларнинг ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, уларда интизом, масъулият ва жамоавийлик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган турли маънавий-маърифий ва амалий тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Шу муносабат билан вилоятнинг қатор ҳудудларида “Жасорат мактаблари” ўқувчиларининг тантанали “Ваъда бериш” маросимлари ташкил этилди.
[gallery-31787]
Термиз шаҳрида ўтказилган асосий тадбирда Ангор, Жарқўрғон, Музработ, Қизириқ, Термиз туманлари ҳамда Термиз шаҳридаги “Жасорат мактаблари” ўқувчилари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан масъуллар ёшларни ушбу муҳим маросим билан табриклаб, мамлакатимизда ёш авлод таълими ва тарбиясига, уларнинг билим ва салоҳиятини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ҳақида сўз юритди.
Маълумот ўрнида, жорий йил июль ойида Сурхондарё вилоятидаги “Жасорат мактаблари”га 5-синф ўқувчилари икки босқичли — тест синовлари ва жисмоний тайёргарлик бўйича саралаш асосида қабул қилинди. Танлов натижаларига кўра, жами 390 нафар ўқувчи мазкур мактабларда таҳсил олиш имкониятига эга бўлди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА